Қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш — устувор вазифа
  • 08 Апрель 2016

Қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш — устувор вазифа

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда қўмитанинг экспертлари билан биргаликда, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари парламент палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ, Қонунчилик палатасининг ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастури ишлаб чиқилди ҳамда унга кўра, қонун ижодкорлиги сифатини янада ошириш, ушбу муҳим жараёнга экспертларни, жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилишга эътибор қаратилди. Хусусан, мазкур йўналишда бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинди.

Йиғилишда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини юксалтириш, ушбу жараёнда экспертлар иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Таъкидланганидек, Қонунчилик палатасида қабул қилинган ҳамда яқинда Сенат томонидан маъқулланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши ва ижроси мониторингини олиб бориш қўмиталар олдида турган муҳим йўналишлардан биридир.

Мулоқот чоғида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш, тегишли қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ва қонун ижодкорлигига оид бошқа тадбирларни ташкил этиш масаласи танқидий кўриб чиқилди. Шу билан бирга, экспертларнинг қонунларни инвентаризация қилиш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштиришда ҳуқуқни қўллаш амалиётига ва халқаро тажрибани ўрганишга эътиборини кучайтириш лозимлигига аҳамият қаратилди. Айни чоғда қонун ижодкорлиги фаолиятини прогноз қилиш ҳамда режалаштириш бўйича самарали тизим яратиш, хусусан, истиқболда фан, таълим, маданият ва спорт соҳасига оид қонунларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

— Қонун устуворлиги, қонунийликни ҳамда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш борасида қуйи палата қўмиталари бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб олган, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Нодир Мухторов. — Бу жараёнда экспертлар, соҳанинг етук мутахассисларини жалб этган ҳолда, янги қабул қилинаётган қонунларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш, ушбу соҳада стратегияларни белгилаб олиш орқали ишларни босқичма-босқич ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Қатнашчилар айни шу масалаларга алоҳида диққат-эътибор қаратдилар.

Тадбир якунида қонунларнинг инвентаризациясини давом эттириш, уларнинг ишлаш механизмини кучайтириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn