Бошқарувдаги янгича услублар муваффақиятли фаолият юритиш гаровидир
  • 08 Апрель 2016

Бошқарувдаги янгича услублар муваффақиятли фаолият юритиш гаровидир

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувлар тубдан ўзгартирилгани унинг ҳақиқий бозор хусусиятларига эга бўлишини таъминлаш ва эскича қарашлардан халос бўлишида муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида таъкидлади. 

Дарҳақиқат, юртимизда сўнгги пайтларда хусусий мулкчилик шаклларидан бири бўлган акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, кoрпoрaтив бoшқaрув вa нaзoрaт oргaнлaрининг вaкoлaтлaри, ҳуқуқлaри ҳамда жaвoбгaрлигини кучайтириш, тaфтиш кoмиссиялaри рoлини oшириш, кам улушга эга бўлган aкциядoрлaрнинг кaфoлaтлaрини тaъминлaш ҳамда акциядорлар умумий йиғилишларини соддалаштириш каби кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Шу маънода айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш ва сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, шунингдек, амалиётга корпоратив бошқарув услубларини кенг жорий қилиш орқали иқтисодиёт рақобатдошлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Ваҳолонки, шу пайтгача акциядорлик жамиятларида кузатув кенгаши, умумий йиғилиш ҳамда тафтиш комиссиялари томонидан миноритарийларнинг манфаатлари тўлиқ таъминланаяпти, деб айта олмас эдик. Ушбу Фармон билан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш институтлари мавқеи оширилиб, замонавий бошқарув услубларини жорий қилиш, бунда акциядорлар ўрнини кучайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шулардан келиб чиқиб, ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятидаги 77 та акциядорлик жамиятидан 47 тасининг ташкилий тузилмасини ўзгартириш, 4 тасини тугатиш ва 26 тасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Аниқроғи, ташкилий тузилмаси ўзгартирилиши белгиланган акциядорлик жамиятларидан 44 тасида мулкдорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиб, ташкилий тузилма ва уставга киритилаётган ўзгартишлар матни тасдиқланди. 

Бундан ташқари, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссиясининг 2015 йил 25 июндаги йиғилиши хулосасига асосан, ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартириладиган акциядорлик жамиятлари рўйхатига қўшимча 3 та субъект киритилди. Жумладан, “Иссиқлик манбаи” акциядорлик жамияти акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида жамият мулкчилик шаклини давлат унитар корхонаси мақомига ўзгартириш юзасидан қарор қабул қилинди. “Шаҳрисабз консерва” акциядорлик жамияти акциядорларининг умумий йиғилишида эса мулкчиликнинг масъулияти чекланган жамият шакли, устав фонди ва таъсис ҳужжатлари тасдиқланиб, МЧЖга таъсисчи сифатида киритилмаган акциядорлар билан мулкий муносабатлар суд тартибида якунига етказилиши белгилаб олинди. “Эл ҳақи” акциядорлик жамиятида эса тугатиш жараёни давом этмоқда. 

Шунингдек, ҳудудий комиссия томонидан 29 та акциядорлик жамиятининг 72 нафар раҳбар-ходими аттестациядан ўтказилиб, ундан ўта олмаганлар ўрнига юқори малакали хорижий менежерларни ишга қабул қилиш бўйича корхоналарнинг танлов шартлари эълон қилинди. Бу уларда бошқарув ҳамда иш услубини ўзгартириш ва халқаро тажрибаларни амалиётда қўллаш учун кенг йўл очади, албатта. 

Халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида ўтган йилнинг ўзида 6 та акциядорлик жамиятининг раҳбар-ходимлари Германияда ташкил этилган ўқув-курсларда тажриба орттириб қайтдилар.

Буларнинг барчаси акциядорлик жамиятларига юқори малакали хорижий менежерларни ва салоҳиятли чет эл инвесторларини кенг жалб қилиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга замин яратаяпти. Зеро, замонавий бошқарув усуллари барқарор фаолият юритиш гаровидир.

Мустафхон СУЛТОНОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn