Қонунийликни таъминлаш — демократиянинг муҳим тамойили
  • 06 Апрель 2016

Қонунийликни таъминлаш — демократиянинг муҳим тамойили

Пойтахтимизда “Қонунлар ижросини таъминлашнинг самарадорлигини ошириш механизмлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан БМТ, ЕХҲТ, К. Аденауэр ҳамда Ф. Эберт номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Бельгия, Германия, Италия, Латвия, Словения ва бошқа давлатларнинг парламент аъзолари ҳамда экспертлар қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш тараққиётнинг энг асосий тамойилларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, бу мамлакатни демократик янгилаш, одамларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юксак ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга йўналтирилган ишларда устуворлик касб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этганидек, бизнинг бош мақсадимиз — фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш.  

Конференция иштирокчилари қонунчилик ҳужжатларини аҳолига ва ижрочиларга етказиш ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш самараси сифатида қонунийликни мустаҳкамлаш жиҳатларига диққат-эътибор қаратишди. Айтиб ўтилганидек, Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётир. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури амалга оширилди. У ўқув муассасаларида, меҳнат жамоаларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бу борадаги ишларни тўлиқ қамраб олди. Қабул қилинган қонунларни ижрочиларга етказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Шу билан бирга, уларни оммавий ахборот воситаларида, тегишли тармоқ нашрларида ўз вақтида эълон қилинишига алоҳида урғу берилди. 2012 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги -“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун билан қонунчилик ҳужжатларини нашр этиш талаблари ўрнатилди, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп қилишнинг расмий манбалари аниқлаштирилиб, уларни нашр этиш ва давлат рўйхатига олиш масалаларига эътибор қаратилди. 

2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунда, хусусан, аҳолини қонунчиликдаги янгиликлар, жойларда қабул қилинаётган қарорлар билан кенг хабардор этиш механизмлари белгиланди. Ҳозирги вақтда ҳуқуқий ахборотлар электрон шаклда тарқатилмоқда, интернетда, шу жумладан, давлат органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилаяпти. Жорий йилнинг июнь ойида кучга кирадиган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун ҳуқуқий ахборотни тарқатишда муҳим ўрин эгаллайди.

Анжуман қатнашчилари аҳолига меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни етказишда, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашда давлат органлари, ОАВ, ННТнинг ролини таъкидлаб ўтишди. Қуйи палата депутатлари қонун лойиҳасини мутахассислар, олимлар, ННТ, ОАВ вакилларини жалб этган ҳолда кенг муҳокама қилиш тажрибаси билан ўртоқлашди. Улар идоравий сайтларда, Қонунчилик палатаси ресурсларида эълон қилиб борилаяпти. Келиб тушаётган таклифлар ҳуқуқий ҳужжат устида ишлашда ҳисобга олинаётир. Бу -фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларнинг мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишларига имкон бермоқда.  

Депутатлар ижрочиларни қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунларнинг мақсади ва мазмуни ҳақида хабардор қилиш тартибларини аниқ белгилашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунингдек, барча тузилма, аввало, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш муҳимлигини билдиришди.  

Конференцияда хорижлик экспертларнинг қонунлар ижросини таъминлаш механизмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, парламентнинг ушбу йўналишда давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ҳамкорлигининг муҳим жиҳатларига оид маърузалари тингланди. 

Иштирокчилар қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мажбурий тарзда юбориш орқали ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳақидаги меъёрнинг қонунчилик асосида мустаҳкамланиши киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан аҳолини кенг хабардор этишга хизмат қилади, деган фикрни айтишди. 

Халқаро конференция якунида қатнашчилар томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизимини янада такомиллаштиришга оид таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Сўз — конференция иштирокчиларига

Ивета ГРИГУЛЕ, Европа парламенти депутати:

— Мамлакатингизда қонун устуворлигини таъминлаш адолатли жамиятни барпо этишнинг кафолати ҳисобланади. Юртингизда белгилаб олинган юксак мақсадларга -изчил эришилаётгани эътирофга лойиқ бўлиб, Ўзбекистон тажрибаси нафақат минтақа, балки Европа учун ҳам намуна бўла олади. Биз амалиётда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу эса фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришнинг муҳим омилидир.

 

Андрейс МАМИКИНС, Европа парламенти депутати:

— Фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга бўлган интилиши мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатидир. Бунинг учун, назаримда, Ўзбекистонда барча ҳуқуқий шарт-шароит яратилган, энг муҳими, амалда қонунийлик тамойили тўлиқ таъминланаяпти. 

   

Эрик АКСЕ, Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш институти ижрочи директори (Бельгия): 

— Конференцияда Ўзбекистоннинг қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасидаги тажрибаси билан яқиндан танишдик. Ушбу тизимни босқичма-босқич такомиллаштириш борасида изчил иш олиб борилмоқда, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бу мамлакатингиз ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлидан дадил бораётганини кўрсатади. 

 

Уго ИНТИНИ, Италиянинг Осиё ва Ўрта Ер денгизи минтақаси масалалари бўйича институти вице-президенти:

— Мазкур анжуман мавзуси барча иштирокчи учун катта аҳамиятга эгадир. Зеро, биз қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳолига етиб бориши, уларнинг сўзсиз -бажарилишига оид амалиётни батафсил ўрганиб чиқдик. Ўзбекистон тажрибаси Италия учун жуда муҳимдир. Бизда ҳам қонунчиликни ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 

Кези келганда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон билан Италия парламенти ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил равнақ топаётир. Бундай конференциялар бу борада муҳим аҳамиятга эга.

«Халқ сўзи» мухбири 

Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn