Аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим мезони
  • 02 Апрель 2016

Аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим мезони

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини кучайтиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди. Сенаторлар ўз чиқишларида муҳокама қилинган масалалар, аввало, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этишди. Буни уларнинг мухбиримиз билан бўлган суҳбатда айтган фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиб олиш мумкин.

Г. АЛИМОВА, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мамлакатимизда кечаётган бунёдкорлик жараёнлари, кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан ҳамоҳангдир. Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон Президентимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида барқарор ривожланиб бормоқда. Одамларимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб, харид қуввати ортмоқда, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасида мислсиз ютуқ ва натижалар қўлга киритилаяпти. Бундай ижобий ўзгаришларни юртимизнинг барча гўшаcида кузатиш мумкин. 

Шу боис муҳокамаларда сўзга чиққан сенаторлар ислоҳотларни амалга оширишга камарбаста бўлиш, республикада рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, қолаверса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишди. Бунда, айниқса, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун имкониятларидан самарали фойдаланиш катта аҳамият касб этади.

К. КАВЛАНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Маълумки, мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини қарор топтириш, ижро ҳокимиятининг вакиллик органи олдидаги масъулиятини юксалтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сенаторлар томонидан маъқулланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижроси устидан парламент назоратини рўёбга чиқаришнинг ягона механизми мустаҳкамланиб, у давлат -ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини оширишга йўналтирилган. Қонунда парламент назоратининг субъектлари, объектлари, шакллари ва усуллари, шунингдек, парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар ўз ифодасини топган. Таъкидлаш керакки, парламент назорати шаклларининг аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши, уларни амалга ошириш тартиби батафсил белгилаб берилаётгани қонун ижросини бир хилда таъминлаш, парламентнинг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.

И. КАРАТАЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, хусусан, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг асл мазмун-моҳияти, энг аввало, инсон, унинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Президентимиз ташаббуси билан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилиши парламент назоратининг амалий аҳамияти ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир. Бу, биз, сенаторларга катта масъулият юклайди. Шуни айтиш керакки, Конституциямизда “прокуратура органларининг Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлиги” белгиланган. Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисидаги қарори ушбу конституциявий қоиданинг амалий механизмларини янада ривожлантиради. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракат мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, энг аввало,  прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, пировардида прокуратура органларининг юртимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга доир ишлари самарадорлигини юксалтиришга замин яратади.

Р. МАЖИДОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Маълумки, ўтган йилнинг январь ойида парламент палаталарининг қўшма мажлисида конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириши, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатдан янги асосда қурилиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Сенат ялпи мажлисида ушбу вазифа ижросига алоҳида масъулият билан ёндашилди. Чунки Сенат ўзининг конституциявий ваколатлари доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисоботларини ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, қонун ҳужжатлари ижроси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва -эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Бунда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, жойлардаги учрашувларда билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, ҳисобот тақдим қилинган субъектлар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди. 

Ш. АРИПОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

—  Ялпи мажлисда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид қатор масалалар, шу жумладан, 4 та қонун кўриб чиқилди. Уларнинг муҳокамасида ҳудудлар ва умумдавлат манфаатларининг уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилиб, маъқулланган қонунлар, кўриб чиқилган масалалар ислоҳотларнинг бугунги босқичида долзарб аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалаларни, хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларнинг асосий қоидаларини, шунингдек, амалдаги қатор қонун ҳужжатларига ки-ритилган янгиликларни, Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузишдан кўзланган мақсадни жойларда кенг тушунтириш, ижрочиларга етказиш борасида жонбозлик кўрсатишимиз айни муддао. Бунда соҳа мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари салоҳиятидан унумли -фойдаланиш жуда муҳимдир. 

Умуман, Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар мамлакатимизнинг демократик ривожланган давлатлар қаторидан жой олиш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдек эзгу мақсадларга эришишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қобил ХИДИРОВ 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn