Демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолати
  • 01 Апрель 2016

Демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолати

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини изчил мустаҳкамлашга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилмоқда. Мухбиримиз билан суҳбатда сенаторлар буни алоҳида қайд этишди.

Ф. ДАДАХОДЖАЕВ,  Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

— Бугун халқимиз Наврўз шукуҳи билан яшаяпти. Жойларда янги ижтимоий объект-лар ишга туширилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари тобора кенг қулоч ёймоқда. Одамларимиз тинч-омон кунларга шукрона билдириб, Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғусини намоён этишаётир. Сир эмаски, Ўзбекистон ўзининг тинчликпарвар сиёсати билан жаҳон майдонида юксак мавқега эга бўлиб бораяпти. Айнан осойишталик мустақил юртимиз тараққиётининг асоси, барча соҳадаги ўсиш ва ривожланиш пойдеворидир. Осмонимиз мусаффо, тонгларимиз осуда, кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик  бор экан, бунёдкорлик, янгиланишлар давом этаверади, айём қувончи, ободлик  дилларга кўчади. 

Давлатимиз раҳбари Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимда алоҳида қайд этганидек, бундай олижаноб, ноёб хусусият ва фазилатларга эга бўлган, пок орзу-интилишлар билан яшаётган, ўзи учун тинчлик-омонликни, мусаффо осмонни истайдиган халқимиз, ҳеч шубҳасиз, яқин ва узоқ қўшнилари билан муносабатларини ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатлик, бири-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида қуради. 

Парламент юқори палатаси ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, муҳокама қилинган масалалар ҳам халқимизнинг мана шу эзгу мақсад ва ниятларига, юртимизни ривожлантириш бўйича белгилаб олинган вазифаларнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир. 

Т. МАДУМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари: 

— Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар стратегияси -парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини янада юксалтириш, унинг -ваколатларини кенгайтириш, қонунларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича ижро органлари масъулиятини кучайтиришга хизмат қилаяпти. 

Мисол учун, 2014 йилда Конституциямизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан парламент назорати институти конституциявий мақомга эга бўлди. 

Президентимиз парламент палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириши, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатдан янги асосда қурилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шу маънода, сенаторлар томонидан маъқулланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун олий қонунчилик ҳокимияти фаолиятида янги саҳифани очиб, вакиллик органининг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини янада кенгайтиради, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишининг самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади. Бу, шубҳасиз, сенаторлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

Н. ХОЛБОЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунни тайёрлаш, уни ҳар томонлама маромига етказишда парламент аъзолари билан бир қаторда, олимлар, мутахассислар, ҳуқуқшунослар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, маҳаллий ва хорижлик экспертлар фаол иштирок этди. Амалдаги қонунчилик батафсил ўрганиб чиқилди. -Ривожланган демократик давлатлар, хусусан, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва бошқа мамлакатлар парламентлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш амалиёти қиёсий таҳлилдан ўтказилди. Қайд этиш лозимки, парламент назоратининг ҳуқуқий асослари акс эттирилган яхлит қонун халқаро амалиётда қарийб учрамайди. Қонунда белгиланган нормалар ўтказилган қатор конференция, семинар ва давра суҳбатларида амалий муҳокамалар асосида маромига етказилди. Экспертларнинг фикрича, ушбу Қонун парламентнинг ҳам назорат-таҳлил, ҳам қонун ижодкорлиги билан боғлиқ фаолияти самарадорлигини оширишда катта аҳамият касб этади. 

Зеро, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш айнан жойларда қонунлар ижро этилишини чуқур ва мунтазам ўрганишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлашга боғлиқдир. Янги Қонун бу борадаги ишларни навбатдаги муҳим босқичга олиб чиқиш -билан бирга, сенаторлардан янада фидойиликни, қонунда ўз ифодасини топган парламент назорати шаклларидан унумли фойдаланишни талаб этади.

Т. ИСКАНДАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор:

— Республикамизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотлари натижасида иқтисодиётимиз жадал ривожланиб, аҳолининг турмуш сифати изчил юксалмоқда. Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги марралари сари интилаётир, жаҳон иқтисодиётига жадал интеграциялашиб бораяпмиз. Бу жараёнлар, табиийки, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш заруратини кун -тартибига олиб чиқди. 

Қонунда чет мамлакатлар тажрибаси, Ўзбекистондаги молиявий фаолият ютуқлари асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш нормалари янада такомиллаштирилди. Улар бухгалтерия ҳисобини бирхиллаштиришга, амалиётда бир хилда қўллашга, бухгалтерия хизматлари раҳбарлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган. Қонунда бухгалтерия ҳисоби тизимининг очиқлиги ва ошкоралигини -таъминлашга асосий эътибор қаратилди. Бу тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, -корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, бозор иқтисодиёти жараёнларини янада чуқурлаштириш бўйича давлатимиз сиёсати билан узвий боғлиқдир. 

Н. РАББИМОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Бугун мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, бошқарувнинг замонавий ҳамда самарали усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш, уларнинг инвесторлар учун очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелда қабул қилинган Фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ ишлаб чиқилган Қонун асосида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу янги қоида ва нормалар сенаторларимиз томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Бинобарин, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар акциядорлик жамиятларининг фаолиятини бошқаришда ва назорат қилишда акциядорларнинг, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг ролини юксалтиради.

М. МАҚСУДОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Маълумки, Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари қонун ҳужжатлари ижро этилишини назорат қилиш бўйича уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигига алоҳида урғу берган эди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳуқуқий давлат шароитларидагина демократик тартиб сақлаб қолинади, демократик институтлар ҳамда қадриятлар ривожланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. 

Ушбу вазифадан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мантиқий жиҳатдан тўлдириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентнинг масъулиятини кучайтириш, прокуратура органларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришида муҳим аҳамият касб этади. Албатта, комиссиянинг тузилиши Сенат аъзоларига қўшимча ваколат бериш билан бир қаторда, катта масъулият ҳам юклайди. Бинобарин, комиссия ўз олдига қўйилган вазифаларга оғишмасдан амал қилиши, бу борада қатъийлик ва фидойилик билан иш олиб бориши парламентнинг нуфузини янада ошириб, фуқароларнинг парламентга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn