Қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили
  • 29 Март 2016

Қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили

Парламент назорати парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни, самарали ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ажралмас қисмидир.

Бинобарин, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 10 мартда қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси киритилиши режалаштирилаяпти. 

Мухбиримиз мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир МАТМУРОТОВ билан суҳбатлашди.

— Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ҳокимиятлар бўлиниши конс-титуциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, қонун чиқарувчи ҳамда вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтириш мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг асосий йўналишига айланди. Янгиланишлар жараёнида юртимизда икки палатали парламент шакллантирилди. Пировардида эса Сенат минтақалар манфаатларини ифода этиб, Қонунчилик палатаси профессионал тарзда иш олиб бормоқда. Бу қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини оширишга, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг уйғунлашувига олиб келди.  

Олий Мажлис фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг қабул қилиниши амалиётга жорий этилаётган қонунчилик ҳужжатлари, давлат дастурлари устидан парламент назоратини амалга ошириш механизмларини белгилаб бериб, парламентнинг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ва амалдаги қонунларнинг таъсирчанлигини таъминлаш имкониятини яратди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил ноябрь ойида илгари сурилган -Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини сезиларли даражада юксалтириш, унинг ваколатларини кенгайтириш, қонунларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича ижро органлари масъулиятини кучайтиришга хизмат қилувчи ташаббуслар рўёбга чиқарилди. Мисол учун, 2014 йилда Асосий Қонунимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан парламент назорати институти Олий Мажлиснинг энг муҳим ваколати сифатида конституциявий мақомга эга бўлди. 

Президентимиз парламент палаталарининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисида конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозимлигини сенатор ва депутатларга алоҳида -таъкидлаган эди.

Шулардан келиб чиқиб, бугун ушбу соҳада ягона базавий қонунни қабул қилиш, бу борадаги ҳуқуқий меъёрларни унификациялаш зарурати пайдо бўлди.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эди. 

— Мазкур ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш жараёнида қандай ишлар амалга оширилди?

— “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунни тайёрлаш, уни ҳар томонлама -муҳокама қилишда депутатлар, олимлар, мутахассислар, ҳуқуқшунослар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, маҳаллий ва хорижлик экспертларнинг кенг доираси иштирок этди. Депутатлар мазкур соҳага тааллуқли амалдаги қонунчиликни батафсил ўрганиб чиқиб, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва бошқа мамлакатлар парламентлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш амалиётини қиёсий таҳлилдан ўтказишди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари шаклида муфассал муҳокама қилинди. Қонун чиқарувчилар келиб тушган барча таклифни инобатга олдилар. Давлат органлари, илмий ва ўқув муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий, амалий, қонун лойиҳаларини тайёрлаш тажрибасига эга юқори малакали мутахассисларидан таркиб топган эксперт гуруҳи Сенатдаги масъул қўмитада мазкур қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш устида иш олиб борди. Шу асосда улар иштирокида тегишли хулоса тайёрланди. 

— “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун қандай янгиликларни ўз ичига олади?

— Кўриб чиқилаётган Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижроси устидан парламент назоратини рўёбга чиқаришнинг ягона механизми мустаҳкамланиб, у давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини оширишга йўналтирилган. Ҳуқуқий ҳужжатда парламент назоратининг субъектлари сифатида Олий Мажлис палаталари, уларнинг қўмиталари ва комиссиялари, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, сенаторлар, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) белгилаб -берилган.

Парламент назорати объекти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, парламент палаталарининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, -шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти эканлиги кўрсатиб ўтилаяпти.

Парламент назорати шаклларининг аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши, шунингдек, уларни амалга ошириш тартиби батафсил белгилаб берилаётгани қонун ижросини бир хилда таъминлаш, парламент фаолиятининг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонунда Давлат бюджети ижросининг бажарилишини кўриб чиқиш, Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотларини, Ҳисоб палатасининг, Бош прокурорнинг, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботини эшитиш назарда тутилган. Шунингдек, унда парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолатини ўрганиш каби шакллар мустаҳкамланган. 

Парламент амалиётида синовдан ўтиб бўлган ҳамда ҳаётга татбиқ этилган қонунлар ижросини таъминлаш бўйича қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан  мониторингни амалга ошириш, мавзуси жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян омиллар ёки воқеаларни ўрганиш ҳисобланган парламент текшируви ва бошқалар парламент назоратининг янги шакллари сирасига киритилаяпти. 

Ҳуқуқий ҳужжатда парламент назоратининг барча мажмуи ўз ифодасини топгани ҳам долзарбдир. Зеро, у мазкур фаолият натижалари, шулар бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси, шунингдек, парламент назорати субъектлари ва объектлари вакилларининг мажбуриятларини ўз ичига олади. Қўмита экспертларининг фикрича, ушбу нормалар қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини, парламент назоратининг таъсирчанлигини таъминлайди. Очиқлик ва ошкоралик эса мазкур жараёнларда жамоатчилик назорати ролини кучайтириб, давлат ҳокимияти органлари мансабдорлари масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Парламент назорати қонунчилик асосларини такомиллаштириш,  қонунлар ва давлат дастурларининг бажарилишини таъминлашда парламент роли, унинг назорат фаолияти самарадорлигини юксалтириш ҳуқуқий давлат барпо этишдек пировард мақсадимизга эришиш йўлидаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn