Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият
  • 25 Март 2016

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Конрад Аденауэр жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлашда қонунчилик ва амалиёт: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида ҳудудий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда демократик ривожланиш йилларида фуқароларнинг шахсий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, гуманитар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга оширишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.  Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқур-лаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг янги босқичини бошлаб берди. Концепцияга асосан давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, сайлов, ахборот ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари изчил рўёбга чиқарилмоқда.

Семинарда Омбудсманнинг фуқаролик жамияти институтлари билан фуқароларнинг оилавий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга тааллуқли мурожаатларининг биргаликда кўриб чиқилиши борасидаги тажрибаси ҳамкорликнинг самарали шакли сифатида эътироф этилди.

Жумладан, аҳоли манзилли ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш доирасида вакил номига келиб тушаётган мурожаатлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда, республика миқёсидаги ННТ ва бошқа жамоат ташкилотларига кўриб чиқиш учун юборилаяпти. Иштирокчилар фикрига кўра, бу фуқаролар мурожаатларининг ҳар томонлама таҳлил этилишига, тезкор чоралар амалга оширилишига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмини мустаҳкамлашга ҳамда уларнинг фаолияти ошкоралигининг юксак даражада таъминланишига имкон яратади.

Ўз навбатида, тадбир қатнашчилари соҳа мутахассислари ва хорижлик экспертларнинг инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги тажрибаларига оид маърузаларини тинглашди. Айни чоғда Ўзбекистонда жамоатчилик назорати институтини ривожлантириш, ННТ билан давлат бошқаруви органлари ижтимоий шериклик механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга ННТни жалб этиш борасида амалга ошири-лаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Якунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш масалаларида ўзига хос тажрибага эга эканлиги қайд этилди.

 

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn