Ўзбекистон — ШҲТ: Тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик
  • 24 Март 2016

Ўзбекистон — ШҲТ: Тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик

Маълумки, ўзининг 15 йиллигини нишонлаш арафасида турган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган давр мобайнида нуфузли давлатлараро тизим сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўринга эга бўлди.

Халқаро ва минтақавий вазиятда жиддий ўзгаришлар рўй бераётган бир шароитда у кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизми эканлигини яққол намоён этди.
Ўтган йиллар давомида ташкилотнинг салмоқли шартномавий-ҳуқуқий пойдевори яратилди, институциявий асоси йўлга қўйилди. Бинобарин, тизимли органлар барқарор фаолият кўрсатиб, турли йўналишлардаги алоқаларни изчил кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришни таъминлаяпти.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири сифатида Ўзбекистон очиқ ва конструктив мулоқот минбари бўлган мазкур ташкилотга ўзининг ташқи сиёсий стратегиясида алоҳида аҳамият беради, унинг ишида фаол қатнашади. Мамлакатимиз ШҲТга терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик моддалари ва қурол-яроғларнинг ноқонуний айланиши, уюшган жиноятчилик ҳамда оммавий қирғин қуролларининг тарқатилишига қарши кураш, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни рағбатлантириш, маданий-гуманитар шериклик жабҳаларидаги ҳамкорликнинг муҳим воситаси сифатида қарайди.
Ўз навбатида, мазкур тузилма доирасида хавфсизлик соҳасидаги ўзаро алоқалар самарадорлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Бунинг учун ташкилотга аъзо давлатларнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ҳамкорлиги, турли даражадаги мунтазам йиғилишлар ўтказилишини тартибга солувчи тамойиллар яратилган ҳамда салмоқли ҳуқуқий пойдевор шакллантирилган. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда мамлакатлар Хавфсизлик кенгаши котиблари учрашуви механизми йўлга қўйилди.
Тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалалари ҳал этилишида Ижроия қўмитаси Тошкентда жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси катта ўрин тутади. Унинг асосий мақсади терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашда ташкилотга аъзо давлатлар ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга кўмаклашишдир.
Ўзбекистон 2004 ва 2010 йилларда ўзининг ШҲТга раислиги доирасида замонамизнинг анъанавий ҳамда янги хавф-хатарларига нисбатан ташкилотга аъзо мамлакатлар сиёсатини мувофиқлаштиришни кучайтиришга доир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, 2004 йили Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида, 2010 йилда эса Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Шулар қаторида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий алмашувларни илгари суришнинг муҳим омили сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Мазкур йўналишда узоқ муддатли дастурлар қабул қилинган ва муваффақият билан ҳаётга татбиқ этилаётир. Қолаверса, давлатлараро битим ҳамда келишувлар имзоланган.
ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирлар) кенгаши савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга масъул бўлган асосий орган ҳисобланади. Ташкилотга аъзо давлатлар вазирлар йиғилиши эса ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъулдир. Ўзбекистон ушбу тизимларга 2007 ҳамда 2013 йилларда раислик қилган. 2007 йили Тошкентда бўлиб ўтган ҳукумат раҳбарлари учрашуви чоғида сармоялар, ахборот-телекоммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Музокаралар якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам ҳақидаги битим ҳам имзоланди.
Айни чоғда бизнес вакилларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, транспорт, инфратузилма, банк-молия каби жабҳалардаги алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. ШҲТнинг Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолияти бу соҳалардаги муносабатларни кенгайтиришга кўмаклашмоқда.
Савдо ва сармоявий алоқаларни рағбатлантириш мақсадида ШҲТ Тараққиёт банки ҳамда Тараққиёт жамғармаси (Махсус ҳисоб)ни очиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. 2015 йили мазкур тизимларни тузишга доир маслаҳатлашувларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маданий-гуманитар алоқаларда ҳам ижобий ўсиш суръатлари кузатилаяпти. Илм-фан, технологиялар, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларни бартараф қилиш соҳаларида ўзаро мулоқотлар йўлга қўйилган.
2013 йил 29 ноябрда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида юқумли касалликлар оқибатида вужудга келадиган эпидемиологик вазиятдан хабардор қилиш тўғрисидаги Дастур қабул қилинди. Жорий йилда эса Сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Дастур қабул қилиниши кутилмоқда. Ҳозир экспертлар даражасида мазкур дастур устида ишлар олиб борилаяпти.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳуқуқий меъёр ва қоидаларига биноан, 2015 йил 11 июлдан буён унга Ўзбекистон Республикаси раислик қилиб келаётир. Мамлакатимиз раислик қилаётган давлат сифатида кўп қиррали ҳамкорликни изчиллик билан мустаҳкамлаш тамойилларига содиқ эканлигини баён этган ҳолда, ШҲТ фаолияти устувор жиҳатлари юзасидан ўз қарашларини аниқ-равшан белгилаб олган.
Ана шулардан келиб чиқиб, республикамиз ўтган давр мобайнида ШҲТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан биргаликда жаҳон ва минтақа аҳамиятига молик муаммолар ҳал этилишида ташкилот салоҳиятини, ўзаро ҳамкорлик мувофиқлашувини янада кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ролини ошириш юзасидан кенг қамровли ишларни рўёбга чиқарди.
Давлатимизнинг ана шундай саъй-ҳаракатлари туфайли борган сари кўп давлатлар ШҲТга алоҳида қизиқиш, у билан шериклик алоқаларини ўрнатиш юзасидан истак-хоҳиш билдиришаяпти. Айтайлик, 2015 йил сентябрда Камбоджа Қироллигига ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Жорий йил 14 март куни ана шундай мақом Озарбайжонга берилди.
Арманистон ва Непал билан ҳам шундай ҳужжатнинг имзоланиши режалаштирилмоқда. Жанубий Осиёдаги икки йирик давлат — Ҳиндистон Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикасини ШҲТга қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни давом этаётир.
2016 йили Ўзбекистон раислиги доирасида Тошкентда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлислари, Хавфсизлик кенгаши котибларининг учрашуви, маданият вазирлари йиғилиши ҳамда Банклараро бирлашма кенгаши ва Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг мажлисларини ўтказиш режалаштирилаяпти.
Ҳозирги пайтда республикада мазкур тадбирлар ташкил этилишига юксак савияда тайёргарлик кўрилмоқда. Бунда Тошкент саммитининг мазмундорлигини ошириш, чунончи, унинг якунлари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётир. ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг 2017 — 2022 йиллардаги гиёҳвандликка қарши стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастурлари имзоланиши кутилаяпти. Бундан ташқари, Жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни бажариш бўйича Тадбирлар режаси ҳамда ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш Режасининг тасдиқланиши мўлжалланмоқда.
Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислик қилаётган давлат сифатида ташкилотнинг янада равнақ топиши, унинг меъёрий-ҳуқуқий асоси мустаҳкамланиши ҳамда ушбу тизимнинг нуфузи дунё бўйича бундан-да юксалишига катта ҳисса қўшаётир. ШҲТ ташкил топганининг ўн беш йиллигида ўтказиладиган Тошкент саммити йилнинг марказий сиёсий воқеаси бўлибгина қолмай, ташкилот тарихида янги саҳифа очишига ҳам шубҳа йўқ.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn