Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар
  • 19 Март 2016

Депутатлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган долзарб масалаларни кўриб чиқдилар

18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Парламент қуйи палатаси мажлиси кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди. 

Парламент қуйи палатаси аъзолари истеъмолчилар ва давлатнинг маҳсулотлар, жараёнлар ва хизматлар хавфсизлиги соҳасидаги манфаатлари мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлаш, маҳсулотнинг синовлари ва ўлчовлари бўйича халқаро услубларнинг қўлланилиши борасидаги янги қоидалар назарда тутилган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Шу билан бирга, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Таъкидландики, қонуннинг қабул қилиниши геология-қидирув ишлари самарадорлигини янада оширишга ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида рақобат муҳитини яратишга, шунингдек, республикамизнинг минерал-хом ашё базасидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтиришга ёрдам беради. Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ депутатларнинг сайловчилар билан ўз сайлов округларидаги навбатдаги учрашувини ташкил этиш ва ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Халқ ноибларининг навбатдаги учрашуви март ойининг охирига режалаштирилган. 

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида депутатлар мамлакатда амалга -оширилаётган ислоҳотлар, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил тадбирлари, -фракциялар фаолияти, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантириш борасидаги энг муҳим масалаларга доир нуқтаи назари  тўғрисида аҳолини хабардор этишга эътибор қаратишлари лозимлиги мажлисда алоҳида таъкидланди. Шунингдек, янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг ижро этилиши ҳолатида ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини янада ошириш ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида ўрганиш депутатларнинг диққат марказида бўлиши кераклиги қайд этиб ўтилди.

Йиғилишда сайловчилар билан учрашувларни самарали ташкил қилиш учун депутатларни зарур ахборот ва маълумотлар билан таъминлаш борасида уларга амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn