Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қўллаб-қувватланди
  • 18 Март 2016

Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қўллаб-қувватланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда жамоат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича шакллантирилган тизим катта самара бераётгани таъкидланди. Бугунги кунда қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган юзлаб лойиҳаларни рўёбга чиқармоқда. Давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватланаётган ушбу лойиҳалар энг муҳим социал аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилиш, давлат ва ҳудудий дастурларни бажариш, ижтимоий шериклик самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашда қўл келмоқда. 

Юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бунда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни ва қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. 

Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга 11 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Бу ўтган йилдагига қараганда 10 фоиз кўпдир.  

Йиғилишда Парламент комиссияси томонидан ижтимоий буюртмалар бериш бўйича танлов якунлари кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ижодий ва ақлий салоҳиятини янада ўстиришга кўмаклашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил ОАВ фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон халқларининг маданий-тарихий меросини оммалаштириш, жамиятда миллатлараро ҳамда конфессиялараро бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган давлат ижтимоий буюртмаси шаклидаги 13 та лойиҳани қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу мақсадларга 2,3 млрд. сўм йўналтириш белгиланган.   

Мазкур лойиҳалар доирасида туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатилади. 

Парламент комиссияси аъзолари иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, йигит-қизларнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди. 

Йиғилишда комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn