Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади
  • 17 Март 2016

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида анжуман ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, баркамол авлодни вояга етказиш, жамиятда соғлом турмушни қарор топтириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Истеъмол бозорига хавфсиз, сифати кафолатланган, микронутриентларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, оилаларда рационал овқатланиш маданиятини тарғиб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётир.

Анжуманда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Бугунги кунда мазкур вазифалар “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги  каби қатор қонунларга асосланиб амалга оширилмоқда. 

Шу билан бир қаторда, илм-фан ва техника тараққиётига ҳамоҳанг равишда озиқ-овқат саноати жадал ривожланиб бораётган ҳозирги даврда таркибида гени ўзгартирилган организмлар мавжуд маҳсулотларни республикамиз ҳудудига олиб кириш ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида ҳам аҳоли, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек, болаларнинг овқат рациони сифати ҳамда хавфсизлиги масаласига урғу берилиб, бу борадаги норматив-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашга доир вазифалар белгиланган. Ана шу мақсадда озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ҳамда хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.  

Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимизда хавфсиз ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, мева-сабзавот ва гўшт-сут етиштириш ҳажмини янада ошириш, маҳаллий корхоналарда инсон саломатлиги учун зарур бўлган микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш орқали аҳолининг соғлом овқатланишини ташкил этиш чора-тадбирларини таҳлил қилдилар. 

Тадбирда соҳага оид қонун ижодкорлиги жараёнида изчиллик ва самарадорликка эришиш,  қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ф. МАҲКАМОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn