Депутатлар сиёсий партияларнинг ҳисоботларини эшитдилар
  • 16 Март 2016

Депутатлар сиёсий партияларнинг ҳисоботларини эшитдилар

15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар ўз конституциявий ваколатларига мувофиқ, сиёсий партияларнинг 2015 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитди. Ушбу масала бўйича барча сиёсий партиялар раҳбарлари сўзга чиқди. 

Мажлис давомида таъкидландики, сўнгги йилларда энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири, шунингдек, уларнинг парламентдаги фаолияти сезиларли даражада кучайди. Умумқабул қилинган демократик стандартларга ва халқаро нормаларга тўлиқ жавоб берувчи сиёсий партияларни ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Бугунги кунда сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларини илгари суриш ва амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятга эгадир.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар бир партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг сонига қараб ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларининг муайян ҳажмларини олиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий партияларни молиялаштириш қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги принциплари асосида, қонунга қатъий риоя этилган ҳолда, амалга ошириб борилди. Барча сиёсий партиялар ўз фаолиятини молиялаштириш ҳажми ва манбалари тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда эълон қилди ва ўз аъзолари ҳамда жамоатчиликнинг уларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишини таъминлаб берди.

Мажлисда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар молиявий ҳисоботни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этганликлари айтиб ўтилди.

Мазкур масаланинг муҳокамаси чоғида сўзга чиққан депутатлар давлатимиз раҳбари 2015 йил 23 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент олдида турган энг муҳим масалаларни белгилаган ҳолда, Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва аҳамиятини бор имкониятлардан фойдаланиб оширишни, умуман олганда, кўп -партиявийлик тизимини янада изчил ривожлантиришни қайд этганини таъкидлаб ўтдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатаси Регламентига палатанинг қонунчилик, назорат-таҳлил фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари самарадорлигини ошириш, шу билан бирга, партиялар фикрларини ҳисобга олувчи муқобил қонун лойиҳаларини сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан киритишнинг процессуал механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим ҳаётий масалаларини белгиловчи у ёки бу қонунлар бўйича ўз нуқтаи назарларини кенг жамоатчиликка етказилишини таъминловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Депутатлар сиёсий партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни кучайиб бораётганлиги муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини -мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Депутатларнинг фикрига кўра, сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий кадрлар ва бошқа ресурслари ўз дастурий мақсад ҳамда вазифаларини амалга оширишда -катта аҳамият касб этади. Шу сабабли уларнинг шаффоф ва очиқлиги, доимо жамоатчилик назорати остида бўлиши жуда муҳимдир. Йиғилишда таъкидландики, кўп партиявийлик тизимини ривожлантириш, парламент ва жамиятда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириш шароитларида ушбу масала депутатларнинг доимий эътиборини талаб этади. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси вакиллари қайд этдики, амалдаги қонун ҳужжатлари, биринчи -навбатда, сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги тегишли қонун ҳужжатлари -доирасида замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олади. Сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларини илгари суриш ва амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун, шу жумладан, яратилган тенг молиявий шарт-шароитлар ҳисобига барча имкониятга эга. Ҳисоб палатаси ҳисоботининг таҳлилидан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиш мумкинки, сиёсий партиялар, шу жумладан, ЎзЛиДеП ҳам молиявий фаолиятини қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширмоқда, фаолиятини молиялаштиришнинг ҳажми ва манбалари тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида эълон қилган ҳолда, ўз аъзолари ва жамоатчиликнинг молиялаштириш тўғрисидаги тегишли маълумотлардан фойдаланилишини таъминлайди. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, партия ташкилотлари фаолиятининг самарадорлиги уларнинг иқтисодий-хўжалик ҳаётини изчил ташкил этиш билан бевосита боғлиқдир. Бундай шароитларда сиёсий партиялар тасарруфидаги давлат бюджети маблағларини самарали режалаштириш ва ишлатиш муҳим аҳамиятга эга. Бунга турли даражадаги депутатларнинг сайловолди дастури тадбирлари ва ҳар йили қабул қилинадиган Партия фаолиятининг асосий йўналишлари режасини амалга оширишдаги фаол иштироки, шунингдек, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш жараёнлари устидан жамоатчилик ҳамда парламент назоратининг чора-тадбирларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали эришиш мумкин.

Фракция депутатлари сиёсий партиялар бюджетларининг даромад манбалари ва харажатлар қисми кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотнинг юқори даражада очиқлигини ҳамда фуқароларнинг сиёсий партияларнинг бухгалтерлик ва статистика ҳисоботидан, шу жумладан, ҳисоботни расмий сайтларда электрон шаклда эълон қилиш орқали кенг кўламда фойдаланилишини таъминлашни ёқлаб фикр билдирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қайд этдики, сиёсий партиялар даромадларининг тўлиқ шаклланишини, шунингдек, уларнинг фаолиятини -молиялаштиришга қаратиладиган давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан -мақсадли фойдаланилишини таъминлашда сиёсий партиялардаги ички назорат механизм-ларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча сиёсий партияларида назорат-тафтиш комиссиялари фаолият юритмоқда, комиссиялар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари, шу жумладан, функциялари, вазифалари, шунингдек, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси вакиллари таъкидладики, жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари сиёсий партиялар молиявий фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш имконини беради. Хусусан, босма оммавий ахборот воситаларида  ўтган даврдаги фаолиятни молиялаштиришнинг асосий манбалари  тўғрисидаги таҳлилий материаллар эълон қилинмоқда. Шунингдек, партиялар сиёсий кенгашларининг пленумларида партияларнинг ўтган йилдаги молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилади. Эшитишлар давомида партиялар аъзолари, маҳаллий партия ташкилотларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, депутатлар, экспертлар, ОАВ вакиллари фаол иштирок этиб, улар томонидан партия бюджетидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар киритилади.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар сиёсий партияларнинг 2015 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси 

Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn