Қонун ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди
  • 15 Март 2016

Қонун ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди

Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти йўлсозлик соҳасидаги фаолиятларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, кенг ва равон йўллар, кўприклар халқаро талабларга мос ҳолда бунёд этилаяпти. Сўнгги йилларда мазкур йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Автомобиль йўлларини қонуний тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш, таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш каби масалалар парламент назоратининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуннинг Жиззах вилоятидаги ижроси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қонун талаблари назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқилди. 

Тадбирда қуйи палата депутатлари, Жиззах вилояти ҳокимлиги, вазирликлар, мутасадди ташкилотларнинг вакиллари, экспертлар, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, юртимизда замонавий транспорт-коммуникация тизимини яратиш, халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш соҳасида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун ҳамда қатор қонуности ҳужжатлари ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, Президентимиз қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури асосида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаяпти.      

Мамлакатимизда автомобиль йўллари тизимини 184 минг км. узунликдаги йўллар ташкил этиб, уларни реконструкция қилиш, жорий созлаш ва сақлаш соҳасида манзилли дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Депутатлар ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, жорий йилда Ўзбекистон миллий автомагистралини модернизациялаш ишларини якунига етказиш, қарийб 513 км. йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. 

Йиғилишда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуннинг  ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилоятида муайян ишлар амалга оширилгани кўрсатиб ўтилди. Олиб борилган таҳлилларга кўра, вилоятда автомобиль йўлларининг  умумий узунлиги 7,8 минг км. бўлиб, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 182,4 млрд. сўм маблағ ажратилди. Натижада вилоятда 31 км. автомобиль йўллари реконструкция қилинди, 18 км. автомобиль йўллари тўла ҳамда 97 км. йўллар жорий таъмирланди. 

Йиғилишда амалга оширилган ижобий ишлар қаторида қонун ижросини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар борлиги ҳам иштирокчиларнинг эътибор марказида бўлди.

— Вилоятда Қонун талабларини ўрганиш чоғида бажарилиши лозим бўлган бир қатор масалаларга алоҳида аҳамият қаратилди, — дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Хусусан, соҳага малакали мутахассисларни кенгроқ жалб этиш, автомобиль йўлларини жорий ҳамда тўла таъмирлаш борасидаги назорат ишларини кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, соҳадаги маҳсулот сифатини назорат қилиш лабораторияларини такомиллаштириш, ички йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўз навбатида, қонун ижроси борасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар бўйича қўмитанинг қарори қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn