Қонун ижодкорлиги жараёнининг фаол иштирокчиси
  • 12 Март 2016

Қонун ижодкорлиги жараёнининг фаол иштирокчиси

Аёлни улуғлаш, унга келажак авлод тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатишдек азалий қадриятларимиз истиқлол шарофати билан янгича маъно-мазмун касб этиб бораяпти. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳияти, ишбилармонлик фазилатларини рўёбга чиқариш каби устувор йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар қамрови тобора кенгаймоқда.

Натижада улар оилада ҳам, давлат ва жамият ҳаётида ҳам ўз мавқеига эга бўлаётир. Бинобарин, Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида хотин-қизларимизнинг нафақат кундалик турмушда, балки давлат миқёсидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда ўрни ва роли тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.  

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда аёлларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги сезиларли даражада ошган. 2004 йилда парламентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, сиёсий партиялардан кўрсатилаётган жами номзодларнинг камида

30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилгани қонун ижодкорлиги соҳасида аёлларнинг муносиб иштирокини таъминлашда айни муддао бўлди.

Аёлларнинг сиёсий фаоллигини юксалтириш мезонларидан бири уларнинг демократик институтлар, жумладан, сиёсий партиялардаги ролини кучайтиришдан иборат. Шу маънода, республикамиздаги мавжуд тўрт сиёсий партия фаолиятида хотин-қизларнинг сафи кенгайиб бораётгани ғоятда қувонарли. Бу эса турли жабҳаларда фаолият юритаётган аёллар — хусусий тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган опа-сингилларимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида хотин-қизлар сони 16 фоизни, Сенатда 17 фоизни ташкил этаётгани, ижро этувчи органларда, суд идораларида чуқур билим ва малакага эга юзлаб аёллар фаолият юритаётгани фикримизни яна бир карра тасдиқлайди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент олдида турган бир қатор муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, қабул қилинаётган қонунларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида амалий жиҳатдан муҳокама қилинишини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш амалиётига бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, лойиҳалар жамоатчилик, малакали мутахассис, эксперт ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб қилинган ҳолда, жойларда қизғин муҳокамалардан ўтказилаяпти.

Ушбу жараён жамият ҳаётида аёлларнинг роли кундан-кун ошиб бораётганини кўрсатаётир.  Ўтган даврда парламент томонидан қабул қилинган “Дори воситалари ва -фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунларни, шунингдек, Қонунчилик палатасида муҳокамадан ўтган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан жойлардаги фаол аёлларимиз амалиёт билан боғлаган ҳолда, қонун нормаларини такомиллаштиришга қаратилган асосли таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Эътиборлиси, мазкур таклиф ҳамда мулоҳазалар инобатга олиниб, қонунларда ўз ифодасини топди. 

Мамлакатимизда аёлларнинг  ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги, давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки кучайиб бораяпти. Бу эса уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрликдан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида -яратилган қонунчилик базасининг ижро механизмига эгалигидан далолат беради. 

Марҳабо FАФУРОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn