Фуқаролар йиғинлари сайловига тайёргарлик муҳокама қилинди
  • 12 Март 2016

Фуқаролар йиғинлари сайловига тайёргарлик муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг -маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат раиси Н. Йўлдошев бошқарган йиғилишда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Унда сенаторлар, Сенат Кенгаши Комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташкилий-назорат гуруҳлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси раҳбарлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, Республика Маънавият тарғибот маркази, фуқаролик жамияти бошқа -институтлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан, мамлакатимизда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида ўтказиладиган сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Жамиятни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтказилаётган мазкур сайлов ташкилотчилар зиммасига катта масъулият юклайди.

Сайловни ташкил этишнинг дастлабки босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сайлов ўтказиш борасида билим ва тажрибага, аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўлган шахслар орасидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларини тузиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутатидан иборат таркибда ишчи гуруҳларни тузиш режалаштирилмоқда.

Мажлисда Сенат Кенгаши Комиссияси аъзолари сайловни ташкилий-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан таъминлаш, уни ташкил этиш ҳамда ўтказишда халқ депутатлари -маҳаллий Кенгашлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор давлат органлари, жамоат ташкилотлари олдида турган устувор вазифаларни бажариш, оммавий ахборот воситаларида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кенг ёритиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

* * *

Шу куннинг ўзида Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга бағишланган брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари, Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси ўринбосари С. Артикова сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб бериш, сайлов жараёни барча иштирокчиларининг қонун ҳужжатлари талабларига тўлақонли риоя этишларига эришиш, аҳолини фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига кўрсатиладиган номзодлар, уларнинг ахлоқий ва бошқа фазилатлари билан таништириш муҳим эканига эътибор қаратди.

Ҳозирги вақтда Сенат Кенгаши Комиссияси томонидан фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнининг қонунийлигини, очиқ-ошкоралигини таъминлаш, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини кенг тушунтириш, ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Брифингда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг барча босқичлари очиқ--ошкоралигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилиши, сайлов жараёнлари ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига мунтазам ахборот бериб борилиши таъкидлаб ўтилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn