Хитой матбуоти: «ШҲТ ривожланишида Ўзбекистон муҳим ўрин тутади»
  • 05 Март 2016

Хитой матбуоти: «ШҲТ ривожланишида Ўзбекистон муҳим ўрин тутади»

Маълумки, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси 2001 йил 15 июнда Хитойнинг Шанхай шаҳрида ташкил этилган халқаро тузилма — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га раислик қилмоқда.

Айни шу жиҳат жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Масалан, яқинда Хитойнинг “Дунфан Цзабао” (“Шарқ тонги”) газетасида ушбу мавзуга бағишланган мақола чоп этилди.
Унда муаллиф — газетанинг халқаро янгиликлар департаменти директори Вэй Синнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ҳамда  минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори йил сайин ортмоқда. Республика нуфузли халқаро тузилмалар, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратаяпти.
Мақолада ШҲТ ташкил топиши ҳамда ривожланишида Ўзбекистон тутган ўринга юқори баҳо берилган. Қайд этилганидек, ушбу тузилманинг асосчи давлатларидан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон ҳозирги пайтгача ташкилотга икки маротаба — 2003-2004 ва 2009-2010 йилларда раислик қилган. Журналист ёзганидек, айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, турли йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги кўпгина муҳим ҳужжат ва қарорлар қабул қилинган.
“Ўзбекистон раислиги даврида, яъни 2010 йилнинг апрелида муҳим тарихий воқеа рўй берди: БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Тошкентга ташрифи чоғида БМТ ва ШҲТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Бу ҳужжат долзарб масалаларнинг ҳал этилишида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун мустаҳкам замин яратгани ҳолда, икки ташкилотнинг расмий ҳамкорлигини бошлаб берди”, деб ёзади Вэй Син.
Хитойлик шарҳловчи таъкидлаганидек, 2015 йил 11 июль куни  ШҲТ раислиги навбати яна Ўзбекистон Республикасига ўтди. Жорий йилда ташкилот тузилганининг 15 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳам ташкилотнинг истиқбол режаларини муваффақиятли амалга оширишда масъулиятини янада юксалтиради.
“Ўзбекистон амалдаги анъаналарга кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг конструктив ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича манфаатларига жавоб берадиган, халқаро майдонда ШҲТ нуфузи изчил ошишининг таъминланиши тамойилларига қатъий амал қилмоқда. Мамлакат халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, ШҲТ Хартиясида ўз ифодасини топган мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш йўли билан минтақада хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга кўмаклашаётир”, деб таъкидланади нашрда.
Вэй Син ташкилотга Ўзбекистон раислиги доирасида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Кенгаши йиғилиши ва бошқа тадбирлар ўтказилиши хусусида тўхталар экан, уларнинг якуни бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар ҳамда қарорлар ШҲТ келажагини белгилаб беришига  ишонч билдиради. 

«Жаҳон» АА.
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn