Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида
  • 04 Март 2016

Ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Ҳиндистон ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими, фармацевтика саноатига масъул вазирлик ҳамда идоралари, дори воситалари, тиббий ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компания ва концернлари раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, юртимизда тиббиёт муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, фармацевтика саноатини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада маҳаллий хом ашё асосида импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, -корхоналар экспорт салоҳиятини юксалтиришга эришилаяпти. Жумладан, бугунги кунда маҳаллий корхоналар томонидан 90 фармакотерапевтик гуруҳга мансуб бўлган 1700 дан зиёд дори воситалари ишлаб чиқарилаётир.

Ушбу жараёнда хорижий давлатлар, хусусан, Ҳиндистон фармацевтика компаниялари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Юртимизда ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида тузилган корхоналар сони йил сайин кўпайиб, дори воситалари, тиббий буюм ва биологик фаол қўшимчалар тайёрлаш ҳажми -ортаётгани бунинг яққол далилидир.

— Республикамизда 8 мингга яқин дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, шундан 1 минг 200 дан зиёди ҳиндистонлик ҳамкорларимиз томонидан етказиб берилаяпти, — дейди “Ўзфарм-саноат” акциядорлик концерни Инвестиция лойиҳаларини комплекс бошқариш бўлими бошлиғи Жасур Одилов. — Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад эса икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келгусида ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборатдир. 

Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити фармацевтика саноати жозибадорлигини тобора оширмоқда. Пировардида ўтган йилда 25 га яқин инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилди.  

— Юртингизда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганидан яхши хабардормиз, — дейди Ҳиндистон фармацевтика воситалари экспортини ривожлантириш кенгаши (“Pharmexcil”) ҳудудий директори Абҳай Кумар Синҳ. — Бу жараёнда чет эллик инвесторларга имтиёзлар берилаётгани катта қизиқиш уйғотмоқда. Форумда иштирок этаётган 40 дан ортиқ компаниялар вакиллари ҳам мамлакатингиз билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташриф -буюрган. 

Томонлар савдо-сармоявий алоқаларни янада кенгайтириш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шу куни икки мамлакат ишбилармонларининг кооперация биржаси ҳам бўлиб ўтди. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn