Меҳнат муҳофазасига доир қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда
  • 03 Март 2016

Меҳнат муҳофазасига доир қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда иккинчи ўқишга тайёрланган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, Меҳнат, Иқтисодиёт, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши вакиллари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот марказлари олимлари ва мутахассислари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Қайд этилганидек, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим аҳамиятга эга. 

Мазкур қонун лойиҳаси аввалроқ қуйи палата қўмиталари томонидан жойларда фуқаролик жамияти институтлари, меҳнат жамоалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, уни такомиллаштириш юзасидан кўплаб таклиф ва тавсиялар олинди. Қонун лойиҳаси Демократик кучлар блоки ҳамда парламент қуйи палатасидаги мухолиф фракциялар йиғилишларида муҳокама этилиб, ушбу ҳуқуқий ҳужжат юзасидан уларнинг принципиал позицияси шакллантирилди. 

Масъул қўмитанинг йиғилишида фракциялар томонидан билдирилган таклифлар қизғин мунозараларга сабаб бўлди.  

Қонун лойиҳаси меҳнат муҳофазаси тизимини янада такомиллаштириш, иш берувчининг ва ходимларнинг меҳнат муҳофазаси талабларини бажариш бўйича масъулиятини кучайтириш, давлат органларининг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назоратни таъминлаш борасидаги ваколатларини белгилаш, мазкур соҳада жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш, амалдаги Қонуннинг айрим нормаларини замонавий бозор иқтисодиёти шароитида қабул қилинган янги қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришга қаратилганига тўхталиб ўтилди.

Ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларини, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги конвенциялари, 20 дан зиёд хорижий давлатлар, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда тайёрланган.

Тадбир доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари чуқур таҳлил этилди.  

Йиғилишда экспертлар ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мазкур ҳужжат мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза этиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.

Якунда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn