Солиқ тизимида яратилаётган енгилликлар
  • 03 Март 2016

Солиқ тизимида яратилаётган енгилликлар

юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда

Хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг таянч кучларидан бирига айланиб бормоқда.

Бу мамлакатимизда соҳа вакилларига қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани самарасидир. Жумладан, тадбиркорлар фаолиятига оид енгилликлар, солиқ тизимида ҳам қўлланилаяптики, пировардида тежалган маблағ корхоналар фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони барча тармоқда хусусий мулкнинг аҳамиятини ошириш баробарида, айрим муаммоларни бартараф қилиш имконини ҳам берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан амалдаги 43 та қонун янада такомиллаштирилгани бизнес субъектлари ривожига фаоллик бахш этди.  

Дарҳақиқат, соҳа вакилларининг ишончли ва барқарор фаолият юритишида ана шундай омиллар муҳим аҳамиятга эга.  Чунончи, мазкур Қонун асосида Солиқ Кодексига киритилган ўзгартишлар туфайли якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи -миқдорида суғурта бадали ва 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.

Қолаверса, солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг ижроси суд томонидан тўхтатилган тақдирда, солиқ текширувини ўтказиш муддатини ҳисоблаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат охирги режали текширишдан кейинги, лекин янги текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги беш календарь йилдан кўп бўлмаган даврни қамраб олиши белгилаб қўйилди.

Хўжалик судлари алоҳида ҳолларда молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжудлиги ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, жарима санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг паст миқдорининг 25 фоизидан оз бўлмаган миқдорда молиявий санкция қўллашга ҳақли эканлиги,  жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиниши тартиби жорий қилинди.

Солиқ текшируви натижасида кирим қилинмаган товарлар ҳуқуқбузарлик предмети сифатида давлат фойдасига мусодара этилган тақдирда, улар қийматига нисбатан жарима солиниши бекор қилинди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 39-моддаси қайта таҳрир қилинди. Унга кўра, эндиликда кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса уч йилда бир марта фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига биноан ўтказиладиган бўлди. 

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддатлари ўн календарь кунидан ошмаслиги, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб қилинган адвокатлар иштирок этган ҳолда амалга оширилиши ўз ифодасини топди. Бундан ташқари, мазкур Қонунда кичик тадбиркорлик субъектлари учун имтиёз ва преференциялар, кафолат ҳамда ҳуқуқлар ваколатли органларга ёки ташкилотларга ёзма равишдаги мурожаатларсиз берилиши  жорий этилди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилиниши ҳамда доимий равишда янгилаб борилиши лозимлиги белгиланди. Шу билан бирга, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари бундай имтиёз ва преференцияларни қўллаш тартибини ваколатлари доирасида тушунтириши, уларнинг қўлланилишини таъминлаши шартлиги кафолатлаб қўйилди.

Мухтасар айтганда, бу каби меъёрларнинг амалиётга жорий этилиши ишбилармонлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, бизнесни муваффақиятли бошқариш ва барқарор ривожланишга, халқ фаровонлигини янада оширишга, устувор вазифалар ижросини тўлиқ таъминлашга пухта замин яратаётгани билан аҳамиятлидир.

Отабек АЛЛАБЕРГАНОВ,

Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ солиш методологияси бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn