Тараққиёт ва муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик
  • 02 Март 2016

Тараққиёт ва муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик

Бугун мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолигига қабул қилинганига 24 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон мазкур ташкилот Низомида белгилаб қўйилган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, хусусан, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, миллатлар ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик муносабатларини қарор топтириш, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш каби умумий мақсадларга эришишда фаол ҳаракат олиб бормоқда.

Бинобарин, Конституциямизнинг 17-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ҳамда нормаларига асосланади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ўтган давр мобайнида тўрт маротаба БМТ минбаридан туриб, халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни кўтариб чиқди. Хусусан, 2010 йилнинг 20 сентябрида Бош Ассамблеянинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида Президентимиз томонидан мамлакатимизда Мингйиллик ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилган ишлар, Марказий Осиёдаги жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ҳамда экология муаммолари, Афғонистон можароси ва уни ҳал этиш йўллари ҳақида билдирилган фикрлар ҳамда илгари сурилган таклифларни мажлис иштирокчилари  катта қизиқиш билан қабул қилган эди. Булар халқаро ҳамжамият томонидан амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. 

Бугунги кунда ушбу ташкилот билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамда ишончли ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораяпти.

2015 йил июнь oйида БМТ Бoш кoтиби Пaн Ги Муннинг юртимизгa амалга оширган расмий тaшрифи давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар муҳокама қилингани, Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли ташкилот ҳамда унинг ихтисослаштирилган институт ва агентликлари билан ҳамкорлигини янада тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани бунга яққол мисолдир. 

Барчамизга аёнки, БМТ фаолиятининг асосий мақсадларидан бири жаҳонда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга эришишдир. Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишларидан бири ҳам айнан шу жиҳатга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномалар иштирокчиси ҳисобланади. Олтита асосий шартнома, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ана шулар жумласидандир. Ўтган йиллар мобайнида юртимиз томонидан БМТнинг шартномавий қўмиталарига мазкур халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича 30 дан зиёд Миллий маърузалар тақдим этилди ҳамда улар ижобий баҳоланди.

Бундан ташқари, БМТнинг бевосита ташаббуси ва иштирокида республикамизда бир қатор халқаро дастурлар ишлаб чиқилиб, ўндан ортиқ йўналишда ижрога йўналтирилган. Хусусан, ўтган даврда ташкилотнинг бир қатор тузилмалари билан ҳамкорликда 440 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Айни пайтда етмишдан кўпроқ лойиҳа ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. 

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ҳамда миллий тараққиётимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, Мингйиллик ривожланиш мақсадлари ва уларни амалга ошириш юзасидан белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисидаги маълумот Бош Ассамблея 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани, албатта, ҳар биримизни ғурурлантиради. Шу билан бирга, бу юртимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг халқаро эътирофи, амалий тасдиғидир.    

Унда маълум қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганига қарамасдан, 2015 йилдаги иқтисодий дастурни изчил ҳаётга татбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг имтиёз ҳамда преференциялар бериш, чуқур тизимли ўзгаришларни амалга ошириш натижасида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари, шунингдек, унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлашга эришилганига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳужжатда халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон  2014 — 2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016 — 2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани қайд этилган.

Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки мамлакатимиз тинчлик тарафдори, эзгулик ташаббускори сифатида ушбу халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилар экан, жаҳонда осойишталик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Зеро, бундай оқилона сиёсат барчага манфаат келтиради, умумий тараққиётга хизмат қилади. 

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn