Қонунларни ижрочиларга етказиш самарадорлигини ошириш — долзарб вазифа
  • 02 Март 2016

Қонунларни ижрочиларга етказиш самарадорлигини ошириш — долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан қонунларни ижрочилар ҳамда аҳолига етказишнинг самарали усулларини жорий этиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил қилинди.

Парламент аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда қонунчиликни либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, демократик ислоҳотларни ҳаётимизга жорий қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти. 

Шуни айтиш жоизки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши қонунларни ижрочилар ҳамда аҳолига етказишда муҳим воситага айланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларидан иборат ва интернет тармоғида ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган “Lex.uz” — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг миллий маълумотлар базаси яратилди. “Norma” ва “Yurida” дастурлари бутун юртимиз ҳудуди бўйлаб аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, давлат тузилмалари орасида ҳуқуқий ахборот тарқатишда муҳим роль эгаллаяпти. Бундан ташқари, расмий нашрлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сайтларидан ҳам самарали фойдаланилаётир. Телевидение ва матбуотда махсус кўрсатув ҳамда материаллар бериб борилмоқда.

Парламент палаталарининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисида Олий Мажлис палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш ва шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ҳамда амалга ошириш самарадорлигини, албатта, ўрганишни ва шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш — долзарб вазифага айланиши даркорлиги белгилаб берилган эди. Бугунги кунда қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизмини кучайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.

— Давра суҳбатида қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочилар ҳамда аҳолига етказишга доир долзарб масалалар таҳлил қилиниб, хорижий ҳуқуқий амалиёт билан қиёсий ўрганиш асосида мазкур соҳани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича айрим фикр ҳамда таклифлар ишлаб чиқилди, — деди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси И. Каратаев. — Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, парламент юқори палатаси қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бунда жойлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолияти самарадорлигини юксалтириш бўйича тизимли ишларни амалга ошираяпти. 

Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган қонунларнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги аҳамиятини ўрганиш, шунингдек, улар кучга киргач, ижрочилар, фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.

Тадбирда интернет ҳамда мобиль электрон қурилмалар орқали қонунларни ижрочилар ва аҳолига ўз вақтида ҳамда ортиқча саъй-ҳаракатларсиз етказилиши муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда ҳукумат порталида қонун ҳужжатлари маълумотлар базасини яратиш ва жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари юридик хизматларининг қонун ҳужжатларини тегишли ҳудудлардаги ижрочилар ҳамда аҳолига етказиш масалалари бўйича фаолиятини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қолаверса, ушбу масалани вазирлик ҳамда идоралар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари даражасида бугунги кун талабларини, шунингдек, хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқиш, қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш амалиётини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш масалаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари иштирокчилар диққат-эътиборида бўлди.

Давра суҳбатида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn