Грант шартномалари имзоланди
  • 02 Март 2016

Грант шартномалари имзоланди

Тошкентдаги Ўзбекистон — Япония инсон ресурсларини ривожлантириш марказида 1 март куни Япония ҳукуматининг кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури доирасида грант шартномалари имзоланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Худоёров, халқ таълими вазири ўринбосари У. Абруев, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф. Като ҳамда бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар каби кўплаб соҳалар қаторида молиявий-техникавий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида республикамизга расмий ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бахш этди.  

Япония — Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот асосида изчил ривожланмоқда. 

Япония ҳукумати юртимизда 1995 йилдан буён таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларни қамраб олган кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастурини амалга ошириб келаётир. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида умумий қиймати 23 миллион 380 минг АҚШ долларидан ортиқ 352 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Навбатдаги грант шартномалари умумий қиймати 566 минг доллардан зиёд 11 лойиҳадан иборат. Унга кўра, мамлакатимиздаги бир қатор таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Жумладан, Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб, Бухоро шаҳри, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва умумтаълим мактаблари, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйи, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасаси, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмаси, Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Номданак» қишлоқ врачлик пункти ҳамда мазкур вилоятдаги ногиронларни реабилитация қилиш марказини ўқув ва тиббий асбоб-ускуналар, мебель жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган.

— Жорий йилда амалга ошириладиган мазкур лойиҳаларнинг мақсад ҳамда вазифалари «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳиятига тўла мос келиши билан аҳамиятлидир, — деди Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като. — Бундай лойиҳалар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Тақдим этилган грант маблағлари эвазига муассасамизни замонавий мебель жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлашни режалаштирганмиз, — деди Самарқанд шаҳридаги 20-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Жамила Жомназарова. — Бу каби лойиҳалар ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, баркамол инсон этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади. 

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлган бундай лойиҳалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш баробарида, мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамда серқирра муносабатларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn