Қонун ижодкорлиги жараёнининг муҳим босқичи
  • 01 Март 2016

Қонун ижодкорлиги жараёнининг муҳим босқичи

Маълумки, 2015 йилнинг 23 январь куни парламент палаталарининг янги таркибдаги қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари Олий Мажлис аввалги таркибининг ўтган даврдаги ишини холисона баҳолаб, айни пайтда янги сайланган парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунларимиз сифатини янги босқичга кўтариш лозимлиги ҳақида фикрларини билдириб ўтган эди.

Жумладан, қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаётгани, бунинг сабаби, ушбу қонунларда улардаги нормаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмагани, шунингдек, мазкур қонунларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган тегишли қонуности ҳужжатлари чиқарилмаётгани, уларсиз эса қонунларда белгиланган қоидалар умуман ишламаётгани таъкидланганди. Табиийки, қонун ҳужжатларининг бундай ёндашувда қабул қилиниши уларнинг амалиётда тўлиқ ишламаслигига ёки қонун нормаларининг мантиқий якунига етказилмаслигига олиб келади.
Шу боис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти амалиётда тўғридан-тўғри ишлайдиган, кодификация қилинган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, қонунларда белгиланган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришни таъминлайдиган қонуности ҳужжатларини ўз вақтида қабул қилиш, ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг мукаммал бўлишини таъминловчи ижро механизмларини қонуннинг ўзида белгилаш, қонунчилигимиздаги такрорлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш масаласи янги сайланган депутатлар корпуси фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, депутатларнинг доимий диққат-эътиборида бўлди.
Қонун ижодкорлигига бундай янгича ёндашув эса, ўз навбатида, унинг самарадорлигини ҳамда қонунларимиз сифатини сезиларли даражада оширишга, уларнинг ҳаётийлиги ва амалийлигини таъминлашга, қабул қилинаётган қонунларнинг одамлар ҳаётига, тараққиётга, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга таъсирини оширишга хизмат қилади.
Ўтган йилда Қонунчилик палатасида олтмишдан ортиқ қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, уларнинг қирққа яқини қабул қилинди. “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги янги қонунлар, янги таҳрирдаги Божхона кодекси, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Юқоридаги қонунларни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилишда қонун ижодкорлиги жараёни ва қонунларимизнинг сифатини тубдан оширишга нисбатан давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларни уларнинг мазмунига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини, адабий тил қоидалари ва нормаларининг, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларнинг талабларига аниқ риоя этилишини таъминлаш учун Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тузилиб, қуйи палатанинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тўғрисидаги Низомнинг янгитдан тасдиқлангани қонунчилигимиздаги такрорлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф қилиш имконини берди.
Шунингдек, депутатлар ўз сайлов округидаги учрашувлар вақтида қонун лойиҳаларини аҳоли ўртасида батафсил муҳокама этиш амалиётининг кенг йўлга қўйилгани қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Депутатлар ташаббуси билан ёки бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар томонидан Қонунчилик палатасига киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан чуқур билимга эга юқори малакали мутахассислардан иборат таркибда эксперт гуруҳлари тузилиб, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида ишчи гуруҳлари йиғилишларида ҳамда қонун лойиҳасига алоқадор давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларида уларнинг мутахассислари иштирокида давра суҳбати, семинарлар ўтказиш орқали тегишли таклифларнинг олиниши қонунларнинг сифати ҳамда таъсирчанлигини, энг муҳими, уларнинг амалий аҳамиятини оширмоқда.
Хусусан, янги таҳрирдаги Божхона кодексини қабул қилишда, ушбу кодекс қабул қилингунгача амалда бўлган 300 га яқин қонуности ҳужжатларининг 115 дан ортиғини тўлалигича кодекснинг ўзида белгилашга, яна 100 га яқин қонуности ҳужжатларидаги муҳим қоидаларни айнан кодекснинг ўзида ифодалашга эришилди. Янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунда ҳам жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид 15 га яқин қонуности ҳужжатларидаги қоидаларни Қонунга киритиш, масалан, жисмоний тарбия ва спортга оид ўттизга яқин асосий тушунчалар, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, спорт турлари ва реестри, спорт унвонлари, спорт разрядлари, малака тоифалари, спорт захирасини тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари ва уларни шакллантириш каби қонуности ҳужжатларидаги қоидалар Қонуннинг ўзида белгиланди. Шунингдек, келгусида янги қабул қилиниши лозим бўлган бешта қонуности ҳужжатини айнан Вазирлар Маҳкамаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши аниқ кўрсатилди. Натижада, 198 та моддадан иборат бўлган амалдаги Божхона кодекси 412 та моддадан иборат тарзда ёки 27 та моддадан иборат амалдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун 47 та моддадан иборат тарзда амалга оширишга оид қоидаларни ўзида батафсил ифодалаган ҳолда қабул қилинди.
Парламент фаолияти, шу жумладан, палаталарнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи — “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий Қонунга, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишларни белгиловчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида қонун лойиҳалари концепциясига муайян янги талаблар, қўмиталар ҳузурида эксперт гуруҳлари тузиш тартиби, қонун лойиҳаларини  заруратга кўра палатанинг расмий сайтида жойлаштириш ҳамда оммавий ахборот воситаларида чоп этиш мумкинлигига оид қоидалар мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатасида айнан қонунчилик жараёнини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларига қаратилган 20 дан ортиқ конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, тадбирларнинг якунлари бўйича тайёрланган тавсиялар қонун ижодкорлиги жараёни субъектларига тақдим этилиб, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичида самарали фойдаланилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, авваламбор, қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги фаолиятини самарали ташкил этишга оид янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, қабул қилинаётган қонунларнинг ўзида уларни амалга ошириш механизмларини белгилашга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги жараёнида янги депутатлар корпуси томонидан фаоллик ва масъулият билан ёндашув ортиб бораяпти. Бу муҳокамалар жараёнида улар томонидан қонун лойиҳалари нормаларини такомиллаштириш юзасидан сайловчилар ва электорат манфаатларига хизмат қилувчи аниқ ва асосли таклифлар киритилаётганлигида ўз ифодасини топмоқда.

Нодир МУХТОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn