Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
  • 26 Февраль 2016

Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳрида Иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Болгария ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, транспорт ҳамда логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, туризм, фан-таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари иштирок этди. 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги тенг манфаатли алоқалар барча йўналишда изчил ривожланаяпти. Айниқса, савдо-саноат соҳасида ҳамкорлик кўлами кенгайиб, томонлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми йил сайин кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. 

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда болгариялик инвесторлар иштирокида 15 га яқин корхоналар ташкил этилган бўлиб, улар кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати каби иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида фаолият кўрсатаяпти. 2015 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 41,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.   

Анжумандан кўзланган мақсад ҳам икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда транспорт-коммуникацияси соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашишдир. Унда сўзга чиққанлар бунинг учун томонларда улкан имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этдилар.   

Чет эллик мутахассисларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар, Хусусийлаштириш дастури доирасида инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, хорижий компаниялар раҳбарлари юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини юқори баҳолар экан, айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналаридаги шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотганини мамнуният билан изҳор этишди. 

Томонлар савдо-саноат, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, транспорт-транзит соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро фойдали сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Болгария Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Болгария Республикаси минтақавий тараққиёт ва ободончилик вазири, комиссия ҳамраиси Лиляна Павлова раҳбарлигидаги делегация аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ҳамда идораларида музокаралар ўтказди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn