Божхона назоратида тезкорлик, аниқлик ва шаффофлик кучайтирилади
  • 26 Февраль 2016

Божхона назоратида тезкорлик, аниқлик ва шаффофлик кучайтирилади

Юртимизда божхона фаолиятини такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга оид ислоҳотлар изчиллик касб этмоқда. Ўтган даврда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар  тизим самарадорлигини оширишда муҳим асос бўлаётир.

Мазкур жараённинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 20 январида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, янги таҳрирдаги Божхона кодекси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда мазкур кодекснинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини тарғиб этиш мақсадида семинар-тренинг уюштирилди. Унда пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидан юздан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Божхона кодекси божхона ишида халқаро стандартларга мос бўлган ягона қонунчилик базасини шакллантириш, божхона бошқарувининг барча даражасида ҳуқуқий норма ва муносабатларнинг бирдай қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг божхона томонидан тартибга солинишида муҳим роль ўйнайди.

— Янги таҳрирдаги Божхона кодекси концептуал жиҳатдан амалдагисидан фарқ қилиб, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга оширишда божхона назоратини мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз ҳудудида товар айланмаси мезонлари амалиёти учун хизмат қилади, — дейди  Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқий бошқарма катта инспектори Ботир Шералиев. — Шунингдек, божхона расмийлаштирув жараёнлари муддатларини қисқартириш мақсадида интерактив хизматлардан унумли фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган. Божхона органлари томонидан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва божхона экспертизасидан ўтказишнинг аниқ меъёрлари ўз ифодасини топган. 

Кодексда Давлат божхона назоратининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолияти тартиби ҳам аниқ кўрсатилган. Бу божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиради. Натижада товарларни расмийлаштириш масаласи бирмунча енгиллашади. Божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларни электрон кўринишда тақдим қилиш, электрон декларациялаш ва электрон рақамли имзодан фойдаланиш эса, табиийки, божхона назорати амалиётини кескин равишда соддалаштиради ҳамда тезлаштиради.

— Тадбирда иштирок этиб, Кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг афзалликлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик, — дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Божхона расмийлаштируви мутахассиси Анвар Алимов. — Буларнинг барчаси ишимизнинг самарадорлигини оширади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда божхона тўловларига оид масалалар янада ойдинлаштирилган. Хусусан, божхона тўловларини амалга ошириш муддатлари, тартиби ва шакли белгилангани  айни муддаодир.

Семинарда соҳада “Бир дарча” тизимининг жорий қилингани ва бу ташқи савдони амалга оширишда маъмурий ва техник тўсиқларни қисқартириш имконини бериши, товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнини енгиллаштириши ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Маълумот ўрнида  айтиш лозимки, янги таҳрирдаги Божхона кодекси 2016 йил апрель ойидан кучга киради. Шундан сўнг нафақат амалдаги Божхона кодекси, балки Ўзбекистон Республикасининг “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуни ҳам ўз кучини йўқотади.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди. 

Бундай семинар-тренинглар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам ўтказилади.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn