Депутатлар ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар
  • 25 Февраль 2016

Депутатлар ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар

24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар ўз конституциявий ваколатлари доирасида Ҳисоб палатасининг 2015 йилги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари К. Акмалов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Аввал хабар қилинганидек, мазкур ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилган эди. Муҳокамалар давомида депутатлар парламент назоратини амалга ошириш ва  қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини фаол тарзда жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси мазкур ҳисобот бўйича хулосани, шунингдек, Ҳисоб палатасининг 2015 йилги ҳисоботи тўғрисидаги Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини тайёрлади ва уларни палата кўриб чиқишига тақдим қилди.

Ҳисоботни эшитиш давомида қайд этилдики, Ҳисоб палатасининг ҳисобот давридаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устуворликларига бағишланган мажлисида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинди.

Тақдим этилган ахборотда таъкидландики, Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқ Давлат бюджетининг самарали ижро этилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат дастурлари ва минтақавий ривожланиш дастурларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, 2015 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети лойиҳасининг экспертизаси ўтказилди. «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялар даромадларини шакллантиришнинг тўлиқлиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши текширилди.

Бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар мисолида республика ва маҳаллий даражаларда Давлат бюджетининг ижроси, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ҳамда самарали сарфланиши  текширилди. Давлат бюджети даромад қисмининг ҳудудлар ва тармоқлар бўйича шаклланиши тўғрилиги, бюджетнинг моддама-модда ва тўла-тўкис ижро этилиши таҳлили ўтказилди, бюджет даромадларининг асосий моддалари бўйича прогноз кўрсаткичлари ҳақиқатга тўғри эканлигига баҳо берилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш, харажатларни мақбуллаштириш ва дотация даражасини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари ҳудудларга чиқиб ўрганилди. 

Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2015 йилги ҳисоботи эшитилганидан кейин унинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидладиларки, Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даврида 90 та ташкилотда 30 та йўналиш бўйича назорат тадбирлари амалга оширилди. Ушбу жараёнда Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг, давлат дастурларининг самарали ижро этилиши, инвестиция дастурларининг рўёбга чиқарилиши, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашнинг амалга оширилиши батафсил ўрганилди.

Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида амалдаги қонунлар ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича киритилган таклифлар диққатга сазовордир. 

Фракция аъзоларининг фикрига кўра, парламент назоратини кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш масалаларида парламент ва Ҳисоб палатаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур аҳамият касб этади. 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси вакиллари бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ички имкониятларидан оқилона фойдаланиш асосида маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш ҳамда минтақалар иқтисодиётини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Фракция аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар иштирокида жойлардаги тегишли вакиллик органларида маҳаллий бюджетларнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари муҳокамасини ижобий амалиёт сифатида қайд этдилар.

Депутатлар таъкидлаганларидек, мавжуд муаммоларни, бюджет интизомига риоя қилиш ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш муҳимдир. Шу сабабли тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, уларнинг юзага келиши сабабларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боришни йўлга қўйиш орқали парламент назоратини кучайтириш зарур. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар қайд этиб ўтдиларки, Ҳисоб палатаси ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатлари таъминланганлигининг, ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадли комплекс дастурлари бўйича харажатларни қоплаш асослилигининг таҳлилини ўтказди. Ҳисоб палатаси томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги масалаларига, шунингдек, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий нафақалар тўлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ижросидаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақалар тайинлашдаги қатор муаммолар ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги аниқланди. 

Шунингдек, Ҳисоб палатасининг ўтказилган назорат тадбирлари ижроси мониторинги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш амалиётда ўзининг ижобий натижаларини бераётгани таъкидлаб ўтилди. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, фракция аъзолари Ҳисоб палатасига назорат тадбирларини амалга ошириш чоғида Давлат бюджетининг ижроси соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор қаратишни таклиф этдилар.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, Ҳисоб палатаси агросаноат комплекси хўжалик юритувчи субъектларининг молиявий ҳолати устидан назоратни кучайтириши лозим, бу эса ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Таъкидландики, аҳолининг харид қобилияти янада оширилишини чуқур таҳлил қилиш ва баҳолашни ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари Ҳисоб палатасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги молиявий қоидабузарликларни, уларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш бўйича фаолиятини таҳлил қилдилар. Ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини бартараф этиш, назорат тадбирларини кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. 

Муҳокама давомида депутатлар Ҳисоб палатаси томонидан Қонунчилик палатаси қўмиталари билан биргаликда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларининг самарадорлигини алоҳида таъкидладилар. Мазкур қўшма тадбирлар ўз самарадорлигини кўрсатди ва мавжуд амалиёт давом эттирилади. Ҳисоб палатаси фаолиятида  ишга янгича ёндашув ва услублардан фойдаланилди, хусусан, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича иқтисодиётнинг айрим тармоқларини ва ташкилотларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор таклифлар киритилди.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2015 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди. 

Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунларига кўра, Қонунчилик палатаси қарор қабул қилди, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Сенатга юборилади.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn