Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар қўллаб-қувватланади
  • 11 Февраль 2016

Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда Жамоат фондининг 2015 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2016 йилдаги иш режаси муҳокама қилинди.
Унда ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, гуманитар масалаларни ҳал этиш, демократик қадриятлар, аҳоли ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада юксалтиришга йўналтирилган лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришга алоҳида урғу берилди.
Таъкидланганидек, ўтган йили Жамоат фонди томонидан ННТнинг давлат органлари билан ижтимоий ҳамкорлиги механизмлари самарадорлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар молиялаштирилди.
Давлат гранти танлови иштирокчилари ва тақдим этилган лойиҳалар сони 2014 йилдагига нисбатан 2 баробар,  кейинги беш йилнинг ўзида эса давлат гранти танловларида ғолиб бўлган лойиҳалар сони 2,3 карра ошган. Шунингдек, уларнинг ҳар бирига ажратилган давлат гранти миқдори 25 млн. сўмга ёки 2009 йилдагига нисбатан ўртача 4,2 баробар ўсган.
Бинобарин, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга ҳамда ёш авлодни тарбиялашга йўналтирилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Умуман, 2015 йилда ННТ, ОАВ, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 300 та лойиҳа ва дастури қўллаб-қувватланиб, улар 10 млрд. сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидияларни олди.
Парламент комиссияси аъзолари 2016 йилдаги иш режаларини тасдиқлади. Шундай қилиб, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари фаолиятининг устувор йўналишларини амалга ошириш ҳамда уларнинг фаоллигини юксалтиришга 11 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилгани ва бу ўтган йилдагига нисбатан ўн фоиз кўп экани қайд этилди.
2016 йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланадиган вазифалар ижросига ННТни кенг жалб қилиш, қонунийликни мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлаш, одамларда қонунларга нисбатан ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқий онг ва маданиятни янада юксалтириш, социал-иқтисодий дастурларни амалга ошириш доирасида ОАВ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда фуқаролик жамияти институти лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатда мустақиллик йилларида турли соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этишга йўналтирилган грант танловлари режалаштирилган.
Қолаверса, муайян давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни бажаришда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва баркамол тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш соҳасида фуқаролик институтлари ишини фаоллаштириш, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини тарғиб қилиш, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган давлат ижтимоий буюртмасини тақдим этишга танлов эълон қилинади.
Қайд этилганидек, Парламент комиссиясининг ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигининг комплекс ҳамда тизимли ёндашуви давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишига имкон беради.
Йиғилишда Парламент комиссияси ва Жамоат фонди фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Якунда Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

З. ИСМОИЛОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn