Мухолиф фракция депутатлари қонун лойиҳасини муҳокама этишди
Версия для печати
  • 11 Февраль 2016

Мухолиф фракция депутатлари қонун лойиҳасини муҳокама этишди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси мухолиф фракциясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда жорий йилнинг январь ойида парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда меҳнат муҳофазасининг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилган бўлиб, ходимлар хавфсизлигини таъминлаш, соғлиғини сақлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги амалдаги Қонуни иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир.
У қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтди. Ана шу давр мобайнида кенг қамровли ислоҳотлар натижасида меҳнатни муҳофаза этиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимлар соғлиғини асрашга қаратилган, шу жумладан, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи ташкилий-ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилди, меҳнат муҳофазасига ёндашувлар ҳам ўзгарди. 
Депутатлар баҳс-мунозара ва қизғин фикрлар алмашинуви давомида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига ҳамда сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Мажлисда Демократик кучлар блоки томонидан ўз мажлисида эълон қилинган позицияси, яъни меҳнат муҳофазасига маблағлар ажратиш тартибини белгилашда касаба уюшмалари ташкилотлари иштирок этиши ҳамда ходимларни иш берувчи ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги меъёрларни янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидан олиб ташлаш таклифи муҳокама қилинди. 
Мухолиф фракция депутатлари қайд этганидек, республикада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи, ишлаб чиқариш жараёнининг замонавий техника ҳамда илғор технологиялар билан таъминланиши, кичик бизнесга янада кўпроқ меҳнат ресурслари жалб қилиниши орқали меҳнат хавфсизлиги шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси талаблари ижроси бўйича иш берувчи ва ходимларнинг масъулиятини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, улар парламент кўпчилигининг иш берувчиларнинг ўз ходимлари саломатлигини сақлашда манфаатдорлигини ҳисобга олмайдиган позициясига қарши эканлигини билдиришди.
Фракция аъзолари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ихтисослаштирилган ваколатли давлат органининг ваколатлари, шунингдек, иш берувчи ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, ташкилотлар фаолияти тугатилган тақдирда уларнинг ходимга зарарни қоплаши бўйича жавобгарлигини белгилашга оид меъёрларга алоҳида эътибор қаратишди. 
Депутатлар фикрича, иш берувчи томонидан ходимга унинг саломатлигига зиён етган тақдирда зарарни қоплаши бўйича меъёрлар акс эттирилиши ходимлар, айниқса, аёллар ва вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимояланганлигини кучайтиради.
Фракция аъзолари мазкур қонуннинг долзарблиги ва ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик, касаба уюшмалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларини жалб этган ҳолда, ҳар томонлама ҳуқуқий ҳамда жамоат экспертизасидан ўтказишни таклиф этмоқда. Бу эса Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари ва вазифаларига ҳамоҳангдир.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn