Демократик кучлар блоки
  • 09 Февраль 2016

Демократик кучлар блоки

меҳнат муҳофазасига доир қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик кучлар блокининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизни демократик ривожлантириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим масалаларини дастлабки тарзда муҳокама этиш ҳамда улар бўйича ягона позицияни шакллантириш мақсадида тузилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари вакилларидан иборат Демократик кучлар блоки Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Ушбу қонун лойиҳаси аввалроқ парламент қуйи палатаси томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, биринчи ўқишда қабул қилинган.

Таъкидланганидек, юртимизда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилган бўлиб, бу инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ҳамда даволаш-профилактика тадбирларини кўзда тутади ва турли соҳалардаги меҳнат муҳофазасининг алоҳида жиҳатларини тартибга солувчи юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олади. Мамлакатимизда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари меъёрлари ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2014 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича дастур қабул қилинди.  

Шу билан бирга, бозор иқтисодиётининг замонавий ҳолати ҳамда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш, давлат органлари ва ху-сусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатда тадбиркорлик фао-лияти ва меҳнат қонунчилигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижалари амалдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари қонун лойиҳасида кўзда тутилган янги нормалар халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ лозим даражадаги меҳнат шароитларини яратиш ҳамда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ўтган даврда иш берувчилар сони салмоқли даражада ортган бир шароитда мамлакатимиз иқтисодиётининг янада юксалишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Бугунги кунда тегишли соҳалар учун кадрлар тайёрлашга ва уларнинг малакасига қўйиладиган талаблар кучайиб бормоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асоси ҳамда уни тартибга солувчи ҳужжатларни ўз вақтида такомиллаштириш эса, айниқса, долзарбдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар қонунчилик ташаббуси субъектининг қонунда меҳнат муҳофазаси соҳасидаги “касбий хавф-хатар”, “меҳнат муҳофазаси аудити” каби алоҳида тушунчаларни аниқ белгилаш тўғрисидаги таклифи ўз вақтида ва тўғри билдирилган ташаббус экани, бу эса меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада тўлиқ акс эттиришини айтиб ўтишди.

Блок аъзолари, шунингдек, қонун лойиҳасидаги иш берувчиларга қўйиладиган талабларни кучайтириш, уларнинг масъулиятини оширишга қаратилган нормаларни ҳам қўллаб-қувватладилар. Қонун лойиҳасининг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Демократик кучлар блоки қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Қайд этилганидек, Меҳнат кодексининг айрим нормалари ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солишга қаратилган. Шу боис Меҳнат кодексига қўшимчалар киритиш орқали ушбу икки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ўртасида номувофиқликка йўл қўймаслик, уларни ўзаро уйғунлаштириш лозим.

Йиғилиш якунида Демократик кучлар блокининг позицияси шакллантирилиб, қонун лойиҳасини янада маромига етказиш учун масъул қўмитага таклифлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда экспертлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Молия, Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

 

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn