Ўзбекистонда ижро этувчи ҳокимият конституциявий-ҳуқуқий асосларининг ривожланиши
  • 01 Апрель 2014

Ўзбекистонда ижро этувчи ҳокимият конституциявий-ҳуқуқий асосларининг ривожланиши

Жамиятимиз ҳаёти ва унинг барқарор ривожланиши учун қандай давлат механизми мос келиши жуда мураккаб масала. Чунки ҳар бир халқнинг фаровонлиги, ҳар қайси мамлакатнинг яхлитлиги ана шу масаланинг ижобий ҳал қилинишига бевосита боғлиқдир.

Давлат қурилиши, бу — ҳар бир халқ мустақил равишда амалга оширадиган жараёндир. Бунда ҳуқуқий давлатчиликнинг умумэътироф этилган концепциялари мавжуд бўлса-да, халқ ўз конституциявий йўлини излаши, кўп жиҳатдан, аҳолининг анъаналари, ҳуқуқий онги ва манфаатларига мақбул ҳокимият шаклини қуриши талаб этилади. Бундай ҳокимият шакли халқнинг ўзига хослиги, тарихий тажрибаси билан боғлиқ ҳуқуқий маданиятини ўзида намоён этади. Чунки барча халқлар учун мақбул келадиган тайёр андоза ва тавсиялар бўлмайди. Зеро, давлатчиликнинг барпо этилиши давлат қурилиши соҳасидаги энг илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ҳар бир халқнинг ўзи босиб ўтиши керак бўлган конституциявий тараққиёт йўлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Биз мамлакатимиз, келажак авлод учун кенг имкониятлар ва истиқболлар очувчи, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига жавоб берувчи йўлни танладик ва унга қадам қўйдик. Зотан, биз ўз олдимизга оддий бўлмаган буюк мақсадлар қўйганимизни ва уларга эришиш қанчалик қийин ва мураккаб эканлигини англаган эдик ва биз бунга бугун гувоҳ бўлиб турибмиз.
Жуда қисқа тарихий вақт оралиғида бизнинг мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига, ўзининг мустақил овозига эга бўлди...”.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг конституциявий ривожланиши мамлакатимиз мустақилликка эришилган кундан бошлаб тадрижий, босқичма-босқич, жамиятни, давлат ҳокимиятини бу соҳадаги ислоҳотларнинг изчил ва узвий тамойиллари асосида либераллаштириш ва демократлаштириш йўлидан бормоқда. Бу борада ўзаро демократик ўзгаришларнинг устувор йўналиши ижро этувчи ҳокимият шаклланиши ва ривожланишининг конституциявий асосларини изчил ва босқичма-босқич янгилаш ҳисобланади. Ушбу жараён сифат жиҳатдан ўзаро муштарак бўлган, бир-бирини тўлдирадиган бир қанча ташкилий, қонун ижодкорлиги босқичларини ўз ичига олади.
Тарихимизга назар ташлаб, жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти қанчалик ўзгарганини кўришимиз мумкин. Тўқсонинчи йиллар янги давлатчилик, янги мустақил давлатнинг шаклланиш даври бўлди. Бу даврда мамлакат раҳбариятидан жамиятни, иқтисодиётни инқироздан сақлаб қолиш, ҳуқуқ-тартиботни қўллаб-қувватлаш, ислоҳотларни ўтказиш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш бўйича вазифаларни тезкорлик билан ҳал қилиш талаб қилинар эди. Ана шу ўтиш даврида фақат кучли мамлакат, ижро этувчи ҳокимиятгина вазиятни ўнглаши, яъни мамлакатдаги ислоҳотлар учун масъулиятни ўзига олиб, янги тузум қуриш учун хавфсиз ва барқарор ўтишни таъминлай олар эди. Мураккаб ўтиш даврида қабул қилинаётган қонунларни амалда қўллашга, фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳадаги ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини амалга оширишга, мамлакатимизда ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлашга қодир бўлган бозор, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш учун мустаҳкам иқтисодий асос ва ҳуқуқий базани шакллантиришга, давлат бошқаруви, қатъий ҳокимият вертикал органларининг самарали тизим ва тузилмаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ана шу даврда мустабид, маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизими тўлиқ ўзгартирилди, Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги вакиллик ҳамда ижро органларининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Шу билан бирга, ўтиш даврининг барча қийинчиликларига қарамасдан, давлат ҳокимиятининг шаклланиши ва ривожланиши ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий тамойилини изчил амалга ошириш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатнинг самарали тизимини барпо этишга асосланди.
Давлат ҳокимияти субъектлари ўртасида ваколатларни тўғри тақсимлаш масаласи босқичма-босқич ҳал этилди. Бу борада ҳокимиятлар бўлиниши тамойили, ҳеч шубҳасиз, концептуал йўналиш бўлиб, айни вақтда ҳокимиятни ташкил этиш ва унинг муайян ривожланиш босқичидаги фаолият кўрсатиши бўйича қулай моделни танлаш замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг ривожланиши, сиёсий, давлат-ҳуқуқий ва фуқаролик институтларининг етуклиги ортиши, сиёсий маданият ва ҳуқуқий онгнинг юксалиб бориши билан Президент ваколатларининг изчил ва босқичма-босқич равишда парламентга ва Вазирлар Маҳкамасига ўтказиб берилиши асосида давлат бошқаруви органларининг масъулияти ортиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари бир вақтнинг ўзида эгаллаб келган Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозими тугатилгани либераллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қабул қилинган қонунларга биноан, Бош вазир Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятни ташкил этиш билан бирга, унга раҳбарлик қилади, унинг фаолияти самарадорлигига шахсан жавоб беради, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви масалалари бўйича қарорлар қабул қилади.
2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан мамлакат Президенти бир вақтнинг ўзида ижро ҳокимиятининг бошлиғи эканини белгилайдиган нормаларнинг чиқариб ташланиши муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришлардан бири бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.
Давлатчилик тизимининг демократик янгиланиш жараёнларида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси навбатдаги қудратли туртки бўлди. Мамлакатни демократлаштириш ва ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичида, мазкур Концепцияга биноан, 2011 йилда Конституцияга сайловда энг кўп овоз олган сиёсий партия томонидан кўрсатилган Бош вазир номзоди парламент муҳокамасига қўйилиши ҳақидаги ўзгартишлар киритилиб, ҳукуматга ишончсизлик вотуми институти жорий қилинди ва шундан келиб чиқадиган бошқа чоралар амалга оширилди. 2011 йилги конституциявий ислоҳот парламент мақомини янада мустаҳкамлаб, унинг сиёсий мавқеини оширди ва ислоҳотларнинг самарали олиб борилиши учун масъул бўлган ҳукуматни, яъни жамиятдаги ҳукмрон сиёсий манфаатларни ифода этадиган парламентга ҳисоб берадиган ҳукуматни шакллантиришга асос солди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси муҳокамасига давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78 , 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонун лойиҳасининг киритилиши ҳокимият тармоқлари ваколатларининг мутаносиб равишда бўлинишини таъминлаш тамойилига асосланган миллий давлатчилик моделини такомиллаштириш борасида босчиқма-босқич амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
 Жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларини, айниқса, иқтисодиёт, давлат ва жамият қурилишини либераллаштиришга қаратилган янги вазифалар ва барча ҳокимият тармоқлари мустақиллигини кучайтириш зарурати мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат қурилиши ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги масалаларни ҳал этишда ижро ҳокимияти тизимини ва давлат бошқарувини мутаносиб равишда такомиллаштиришни, Вазирлар Маҳкамасининг роли ва мустақиллигини кучайтиришни талаб этди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини янада аниқ-равшан белгилаб олиш зарурати туғилди.
 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 98-моддасининг янги таҳририга кўра, Вазирлар Маҳкамаси, биринчидан, самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини олиб бориш; илм-фан, маданият, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади; иккинчидан, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади; учинчидан, давлат ва хўжалик органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, шунингдек, қонунда ўрнатилган тартибга кўра, уларнинг фаолияти устидан назорат олиб боради; тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чиқарилган фармонлар, қарор ва фармойишларнинг ижросини таъминлайди; бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир масалалар юзасидан йиллик ҳисоботларни тақдим этади; олтинчидан, ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига тузатиш киритиш белгиланган бўлиб, унга кўра вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини ташкил этиш ва тугатиш ишлари Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан Президент томонидан амалга оширилади. Бундай тартиб Ҳукуматнинг давлат бошқаруви тизимини уюштириш борасидаги имкониятларини кенгайтиради ва шу билан бирга, унинг маъмурий идоралар фаолиятини самарали ҳамда сифатли йўлга қўйиш борасидаги масъулиятини оширади.
Муҳим янгиликлардан яна бири — Бош вазирни лавозимига тайинлашнинг янги тартибидир. Конституциямизнинг янги таҳрирдаги 98-моддасига мувофиқ, Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлисга унинг номзоди кўрилиши ҳамда тасдиқланиши учун Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади. Бундай тартиб лавозимга  тайинлашнинг маъно-мазмунини ва хусусиятини принципиал жиҳатдан бутунлай ўзгартиради. Энди нафақат номзод шахсиятига хос ўзига хосликлар, балки у ҳукумат раҳбари сифатида амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган дастурнинг маъно-мазмуни ҳам ҳисобга олинади. Мазкур ҳолат мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига дахлдор долзарб муаммоларнинг ҳукумат шаклланиш босқичидаёқ кенг муҳокама қилиниши учун имконият яратади ҳамда ҳокимиятнинг ушбу институти олдига том маънода  янги талаблар қўяди.
Мамлакатимизда сўнгги ўн йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижро ҳокимиятининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларни самарали бошқаришни таъминлай оладиган замонавий модели яратилди, деб таъкидлашга бугун барча асослар бор.
Шу билан бирга, Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчилигимизга янгитдан киритилган конституциявий нормаларни амалга ошириш, демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс дастурларни рўёбга чиқариш зарурлигини кун тартибига қўймоқда.
Аввало, янгитдан шаклланадиган Вазирлар Маҳкамаси маъмурий тизимни ислоҳ қилишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши сифатида қарайди, деб ҳисоблаш мумкин.
Айни чоғда жамият ва фуқаролик институтлари учун ижроия ҳокимият органларининг фаолиятига оид маълумотлар очиқлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиши лозим. Шу муносабат билан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур Қонун бошқа муҳим қонунлар, яъни долзарб аҳамиятга эга бўлган адлия ва маъмурий тартиб-тамойиллар, давлат хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви асослари, маъмурий нормалар ижодкорлиги тўғрисидаги қонунлар билан ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқни янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, давлат қурилиши, Ўзбекистонда давлат бошқарувининг маъмурий-ҳуқуқий муаммоларини тадқиқ қилишнинг самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Афсуски, бугунги кунда маъмурий ҳуқуқ соҳасида эски қолипдаги билимлар тез-тез кўзга ташланмоқда, у жадал ривожланиб бораётган амалиёт эҳтиёжларидан орқада қолмоқда.
Давлат-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар эҳтиёжи маъмурий ҳуқуқни ривожлантиришда мамлакатимизда давлат бошқаруви амалиёти бугунги кунда қандай ҳолатда экани ва бу борадаги тарихий мероснинг ўзига хос хусусиятлари, давлат бошқаруви амалиёти ва назариясининг жаҳон миқёсидаги илғор ютуқларини ўзида уйғунлаштирган янги назарий ёндашувларни ишлаб чиқиш заруратини кун тартибига қўймоқда.
Ушбу фикр-мулоҳазаларнинг барчаси илмий доираларда қизғин ва амалий таҳлил ҳамда муҳокамалар мавзусига айланса, айни муддао бўлар эди.

И. ХАМЕДОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn