БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
  • 02 Февраль 2016

БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисидаги маълумот БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Унда маълум қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганига қарамасдан, 2015 йилдаги иқтисодий дастурни изчил ҳаётга татбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг имтиёз ва преференциялар бериш, чуқур тизимли ўзгаришларни амалга ошириш натижасида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлашга эришилганига алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳужжатда халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон  2014 — 2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016 — 2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани эътироф этилган.
Республикада мулкчилик тизимини тубдан ўзгартириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, корпоратив бошқарувнинг тамойил ва ёндашувларини ўзгартириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, барча акциядорлик жамиятида бошқарувнинг замонавий услублари қўлланилаётгани мазкур ҳужжатда алоҳида таъкидланган.
Ҳаётга жорий этилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги  31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар юксалгани, шунингдек, иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари аҳоли даромадларини ошириб, одамлар турмуш даражаси ва сифатини юксалтиргани маълум қилинган.
Ушбу ҳужжатда хорижлик шериклар иштирокида сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани, аграр ва банк жабҳаларидаги тизимли ислоҳотлар натижалари, кадрлар тайёрлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.  
Материалда Президент Ислом Каримов ўз маърузасида ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ҳамда захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттиришдан иборат бўлиши зарур эканлигига алоҳида тўхталиб ўтгани ҳам ўз ифодасини топган.
Унда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинган 2016 йил Ўзбекистонда  оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, перинатал ҳамда скрининг марказлари, патронаж хизматларининг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ёш оналар ва болаларни парвариш қилиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, оилада соғлом маънавий муҳит яратиш каби масалаларга катта эътибор қаратилишига алоҳида урғу берилган.

Жаҳон АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn