Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмоқда
  • 02 Февраль 2016

Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмоқда

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган  конституциявий ислоҳотлар натижасида давлат ҳокимияти органлари тизимида олий вакиллик органи — парламентнинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайди.

Бугунги кунда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти билан бирга, депутатлар томонидан амалга ошириладиган назорат-таҳлил ишларининг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини юксалтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Парламент назоратини амалга ошириш самарадорлиги: ҳуқуқий асослар ва амалиёт” мавзуида ўтказилган семинарда ана шу ҳақда сўз борди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 январдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида билдирилган янги конституциявий шароитда парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талабларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарурлиги тўғрисидаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратининг бир неча кўринишлари, жумладан, Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш, тегишли давлат идоралари, вазирлик ва қўмиталарнинг ҳисоботларини эшитиш каби шаклларидан амалиётда самарали фойдаланилмоқда.
2015 йилнинг 29 декабрида Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, парламент, депутат ва сенатор сўрови институтларига оид янги нормалар қонунчиликка киритилгани эътиборга молик.
Қайд этилганидек, авваллари қонунчилигимизда парламент назоратининг муҳим шакли —  парламент сўровига оид масалалар алоҳида белгиланган бўлса-да, айнан Қонунчилик палатаси депутати ҳамда Сенат аъзоси томонидан сўров юбориш ва умуман, палаталар томонидан парламент сўровини юбориш механизмлари тўлиқ белгиланмаган эди. Қонунчиликка киритилган янгиликлар асосида “депутат, сенатор сўрови”, “парламент сўрови” институтларининг ўзига хос жиҳатлари аниқ белгилаб қўйилди.
Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, қонунчиликка киритилган қоидага мувофиқ, парламент сўрови институти парламент назоратининг бошқа шаклларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Хусусан, у Олий Мажлис палаталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан юборилиши белгиланди.
Парламент сўровини амалга ошириш палаталарнинг бевосита ваколати бўлиб, депутатлар уни қўллашнинг ҳуқуқий механизмлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг парламент сўровига жавоб йўллаш тартиби ва муддатлари, парламент томонидан муҳокама этиш жараёнлари хусусида фикрлашдилар. Бу борадаги хорижий мамлакатлар парламентлари тажрибаси ҳам қиёсий таҳлил қилинди.
Семинарда Қонунчилик палатаси депутати сўрови ҳамда сенатор сўровининг парламент сўровига нисбатан ўзига хослиги улар мансуб бўлган палаталарнинг хусусиятлари билан узвий боғлиқлиги, яъни Қонунчилик палатаси депутати сўрови, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, сенатор сўрови эса, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан амалга оширилиши белгиланганлиги айтилди. Депутатлар томонидан мазкур ваколатни самарали қўллаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда сиёсий партиялар фракцияларининг, депутатлар, қўмита ҳузурида тузилган эксперт гуруҳида фаолият юритаётган назариётчи олимлар, мутахассислар парламент назорати институти шаклларини амалиётда тўғри ва самарали қўллаш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир якунида қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn