Ўзбекистон ва Япония парламенти вакилларининг учрашуви
  • 19 Декабрь 2015

Ўзбекистон ва Япония парламенти вакилларининг учрашуви

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Япония парламенти Вакиллар палатаси депутати Кадзунори Танака бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги алоқалар барча йўналишда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи икки томонлама алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқди.
Мулоқот давомида Япония Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли стратегик ҳамкорларидан эканлиги қайд этилди. Бинобарин, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида имзоланган қўшма баёнот асосида изчил тараққий этмоқда. Кунчиқар юрт мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаб келаяпти.
Бугунги кунда Ўзбекистон — Япония муносабатлари тенглик, ўзаро англашув ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ҳамда меъёрларига асосланган ҳолда, барча соҳада жадал ривожланаяпти. Айтиш жоизки, ҳозирги вақтда икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 140 дан зиёд ҳужжатлар ташкил қилади.
Таъкидлаб ўтилганидек, икки мамлакат парламентлари делегацияларининг ташрифлари мунтазамлик касб этган. Хусусан, Япония парламентида ташкил қилинган Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ва “Япония демократик партияси — Ўзбекистон” дўстлик лигаси ҳамда мамлакатимиз парламентидаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси — Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи бу борадаги фаол ва самарали ҳамкорликни янада равнақ топтиришга хизмат қилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболи юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар парламентлараро алоқаларни янги босқичга кўтариш учун барча имконият мавжудлигига эътибор қаратиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Япония делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам музокара ўтказди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn