Сайлов тизими ривожининг янги босқичи
  • 25 Ноябрь 2015

Сайлов тизими ривожининг янги босқичи

Тошкентда “Сайлов тизими ва қонунчилигини демократлаштириш: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Марказий сайлов комиссияси томонидан Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбати хорижий мамлакатлар ҳамда Ўзбекистон сайлов қонунчилигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон сайлов тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар билан таништириш мақсадида ўтказилди.
Унда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, шунингдек, Франция, Германия, Корея Республикаси, Латвиядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, сайлов ҳуқуқи соҳаси мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М. Абдусаломов тадбирни очар экан, мустақиллик йилларида юртимизда сиёсий, давлат ҳамда ҳуқуқий тизим изчиллик билан босқичма-босқич модернизация қилиниши самарасида юксак демократик талабларга мос миллий сайлов тизими яратилганини таъкидлади. Фуқароларнинг шу аснода давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилмоқда. Бунда Асосий Қонунимиз ҳамда қонунларда умумэътироф этилган норма ва принциплар асосида шакллантирилган сайловларни ўтказишнинг демократик принциплари мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамиятга эгадир.
Давра суҳбатида эркин сайлов ва хоҳиш-иродани эркин билдириш принциплари, биринчи навбатда, ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳамда сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этиши таъкидланди. Сайлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли, изчил ва ўзаро боғлиқ хусусиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига бошқа давлат ҳокимияти органларининг аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти органи тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақоми берилгани ҳам сайловларнинг демократиклиги, очиқ ҳамда ошкоралигини ҳар томонлама таъминлашнинг муҳим кафолатларидан биридир. Марказий сайлов комиссиясини шакллантиришнинг демократик тизими, фаолиятининг асосий принциплари конституциявий норма сифатида белгиланди, шунингдек, Бюджет кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, унинг молиявий мустақиллиги таъминланди.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов, шунингдек, 2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик сайлов тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир. Мазкур сайловлар якунлари давлат ҳокимияти органларини шакллантириш, халқ ҳокимиятининг демократик асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида янада ривожлантиришнинг муҳим босқичига айланди.
Тадбир давомида сайлов тизими ва сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг турли жиҳатлари, жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, сайлов жараёни иштирокчиларининг жавобгарлиги, партиялараро рақобат, фуқароларнинг давлат ҳамда жамият ишларида иштирокини кенгайтиришга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, сайловчиларнинг ягона электрон реестри фаолияти бўйича хорижий ҳуқуқни қўллаш амалиёти, мамлакатимизда ҳам сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини ташкил этиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, сайлов жараёнининг барча иштирокчиси томонидан сайлов қонунчилиги талабларининг қатъий бажарилиши, уни бир хилда қўллаш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Экспертларнинг фикрича, сайлов жараёнининг очиқ ҳамда ошкоралигини таъминлаш фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқларини амалга оширишнинг кафолатидир. Сайлов кампанияси давомида оммавий ахборот воситалари нафақат сайловчиларни хабардор қилишнинг асосий канали, балки муҳим жамоатчилик назорати воситаси ҳамдир. Бўлиб ўтган парламент ва Президент сайлови давомида Марказий сайлов комиссиясининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ривожланиб, янада мустаҳкамланиб бораётгани яққол намоён бўлди.
Давра суҳбати очиқ ҳамда амалий мулоқот шаклида, баҳс-мунозаралар руҳида ўтди. Тадбир иштирокчилари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган, жумладан, сайлов эркинлигини таъминлаш ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилгани ҳақида якдил фикр билдирди.

Сўз — халқаро давра суҳбати иштирокчиларига

Д. САБО,
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:
— Сайлов ҳар бир давлатнинг ҳаётида муҳим сиёсий тадбир саналади.  Ўзбекистон сайловлар каби жиддий тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказа оладиган мамлакат ҳисобланади. Бунга юртингизнинг ушбу соҳада тўплаган тажрибаси ва сайлов тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳуқуқий асослар ривожи хизмат қилмоқда.
Мазкур давра суҳбати амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, асосий вазифаларни белгилаб олиш имконини берди. Биз Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираяпмиз. Мисол учун, ҳозирги вақтда Буюк Британия ва Данияга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси Европанинг ушбу мамлакатлари тажрибасини, чунончи, сайловчиларнинг марказлаштирилган электрон рўйхатини жорий этишни ўрганишаяпти. Ҳозирги шиддаткор давримизда одамлар ўз яшаш жойини эркин ҳамда тез-тез ўзгартириши учун бирон бир шаҳар ёки мамлакатга боришини назарда тутадиган бўлсак, ҳар бир фуқарога сайлаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш имкониятини тақдим қилиш зарурдир.

А. ЦИМДАРС,
Латвия Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:
— Мен Ўзбекистонда Президент сайловида кузатувчи сифатида иштирок этганман. Айтишим жоизки, сайловлар пухта ва уюшқоқлик билан ўтказилди. Сайлов участкалари бутун сайлов жараёнига оид муфассал ишлаб чиқилган ҳужжатлар билан таъминланган эди. Қонунчиликка риоя этиш сайлов пайтидаги энг муҳим масаладир. Унга амал қилмаслик фуқароларнинг сайлов қонунчилигига бўлган ишончи сусайишига сабаб бўлади.
Латвия тажрибасидан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, сайловчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилиши, шубҳасиз, фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади, бутун сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралиги принципини таъминлайди, сайлов комиссиялари ҳамда маҳаллий органлар фаолиятини соддалаштиради, сайловчилар ҳақида аниқ маълумотларни тузиш имконини яратади, икки марта овоз бериш ҳолатларининг олдини олади, “Бир сайловчи — бир овоз” тамойилининг амалда рўёбини таъминлайди. Энг муҳими, у айнан сайловчиларнинг масъулиятини оширади, улар томонидан бўлиши мумкин бўлган шикоятлар сонини камайтиради, чунки сайловчилар рўйхатидаги маълумотлар тўғрилиги учун масъулият сайловчилар зиммасида ҳам бўлади.

Ж. РАКЭН,
Тулуза шаҳри молия судининг фахрий вице-президенти:
— Ўтказилган тадбир сайлов тизими ривожи учун катта аҳамиятга эга. Бу ерда турли мамлакатлардан манфаатдор экспертлар йиғилди. Ўзбекистон юксак демократик ривожланиш даражасига эришди. Ўзбекистондан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар бор.
Мен Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан танишиб, у пухта ўйланган ва тўлақонли экан, деган фикрга келдим. Унда фуқаролар ҳуқуқларига тааллуқли барча масалага эътибор қаратилган. Бу жамиятда юксак демократик қадриятлар шаклланганидан далолатдир. Менинг фикримча, сайлов тўғрисидаги қонунларнинг яхлит Сайлов кодекси кўринишида кодификация қилиниши навбатдаги мантиқий қадам бўлади. Бу барча даражада сайловларни ўтказишнинг асосий қоидалари ҳамда умумий тартибини мустаҳкамлаш имконини беради.

КИМ Юн Так,
Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича менежери:
— Ўзбекистонда сайловларнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасида адолатли сайлов тизими яратилган. Бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловлари унинг демократияга мувофиқлигини кўрсатди. Ахборот технологиялари ушбу жараённи янада такомиллаштириш имконини яратади. Хусусан, Корея Республикасида сайловчиларни электрон рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинган ва у муваффақиятли ишламоқда. Уларнинг барчаси электрон базада идентификация қилинган ҳамда ҳисобга олинган. Давра суҳбатида тизимимиз ҳақида тақдимот ўтказдим ва унинг самарадорлиги хусусида гапириб бердим. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишни, сайловларнинг шаффоф ҳамда демократик руҳда ўтишини таъминлайди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn