Инсон манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам кафолати
  • 20 Ноябрь 2015

Инсон манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам кафолати

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг самараларини ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ҳамда марраларимизда, халқимиз фаровонлиги тобора ошиб боришида, жаҳон ҳамжамиятида юртимиз нуфузи кун сайин юксалиб бораётганлигида яққол кўриш мумкин. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.

Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида фикр юритар эканмиз, унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Конституциямизнинг ҳар бир моддаси инсон манфаатларини таъминлаш ва муҳофаза қилишга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.
Шу нуқтаи назардан, Асосий Қонунимизда яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, виждон эркинлиги, сайлов ҳуқуқи, мулкдор бўлиш, билим олиш, эркин касб танлаш, меҳнат қилиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби инсоннинг қобилият ҳамда имкониятларини тўла рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ҳуқуқ ва эркинликлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бошқа умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар қоидаларига мос тарзда кафолатланган.
Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида Конституциямиз қоидалари давр талабларига биноан изчил такомиллаштириб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бундан беш йил аввал илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада дастуриламал бўлди. Бинобарин, унда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, 2011 ва 2014 йилларда Конституциямизга киритилган тузатишлар давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг роли ҳамда аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда унинг имкониятларини кенгайтирди.
Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг принцип ва тартиби ўзгартирилди, ҳукумат ваколатлари янада кенгайтирилиб, унинг парламент олдида, жойлардаги ижро ҳокимияти органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги масъулияти кучайтирилди.
Асосий Қонунимизда парламент ҳамда жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш баробарида, ҳокимиятни демократик модернизациялашда улкан аҳамият касб этди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши тўғрисидаги қоидага тўлиқ жавоб беради ҳамда ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини амалга ошириш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўртасида ўзаро тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанати механизмларини янада ривожлантириш ва оптималлаштиришга хизмат қилмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини қонун билан ҳимоя қилиш ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир. Шу боис Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, истиқлол йилларида рўёбга чиқарилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида, аввало, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали муҳофаза этиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли муҳофаза этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятининг барча босқичида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, 2008 йилда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борада муҳим аҳамият касб этди. Шу асосда амалдаги қонунчилигимизга инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш жараёнининг энг муҳим таркибий қисми бўлган адвокатура мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Юртимизда “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш баробарида, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимининг жорий этилиб, самарали фаолият кўрсатаётганлиги ҳам диққатга сазовордир.
Ишонч билан айтишимиз мумкинки, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш масаласи мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб келмоқда. Мазкур сиёсатнинг амалий самарасини нафақат суд-ҳуқуқ соҳаси, балки бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда гуманитар соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда демократик янгиланишлар, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларининг юқори даражада таъминланишига хизмат қилмоқда.
Чунончи, мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳоли реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани юқоридаги фикрларнинг яққол далилидир.
Бугунги кунда дунёдаги энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумоти бўйича Ўзбекистон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та давлат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллагани барчамизга ғурур бағишлайди.
Конституциямиз негизига қўйилган принцип ҳамда қоидаларнинг, улар билан ҳамоҳанг, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилиб, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” дея ном қозонган, юртимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўлининг нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Айни чоғда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро ҳамда фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик барча ютуқларимизнинг асосий омили бўлаётганлигини алоҳида қайд этиш зарур.
Мухтасар айтганда, Асосий Қонунимизда юртимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтариш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган эзгу мақсад ҳамда вазифаларни амалга оширишда биз, депутатлар ҳам ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шу мақсадда ҳозирги вақтда парламентда изчил ишлар олиб борилмоқда, партиялар фракциялари ўртасида соғлом рақобат муҳити кучайди, қабул қилинаётган қонунлар устида принципиал баҳслар бўлмоқда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтарилишини таъминлаш парламентнинг кундалик ишига айланди. Буларнинг барчаси фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, пировардида Ўзбекистоннинг инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган буюк мустақил давлатга айланишида муҳим омил бўлмоқда.


Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn