Депутатлар бандлик дастурини тасдиқладилар
  • 17 Ноябрь 2015

Депутатлар бандлик дастурини тасдиқладилар

16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этади ҳамда демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро боғланган ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилгандир. Дастурни ишлаб чиқишда меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати чуқур таҳлил қилинди.
Ушбу дастурнинг концептуал хусусияти шундан иборатки, 2016 йилда барча туманлар ва шаҳарлар бўйича иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга буюртма шакллантирилган. Шу асосда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари, биринчи навбатда, коллежлар битирувчиларининг тегишли сонига мувофиқ миқёсда ишлаб чиқилган. Дастурда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, иш ўринларини захиралаш йўли билан иш ўринлари яратиш йўналишлари кенгайтирилиб, алоҳида ажратилган, шунингдек, аҳоли ва ёшларни, биринчи навбатда, коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг янги усулларидан фойдаланиш, коллежларда тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш бўйича ўқув-амалий курсларни ташкил этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, дастурда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг, барча даражалардаги ҳокимликларнинг вазифалари аниқ тақсимланди, шунингдек, кичик бизнесга иш ўринлари яратишда муҳим ўрин ажратилди. Шу боисдан ҳам маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, тадбиркорлик субъектларининг вакиллари ушбу дастурни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этдилар. Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар Ҳукуматнинг 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларига ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди. Унда касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга, уларни мутахассисликлари бўйича, шунингдек, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган эди.
Мазкур дастур лойиҳаси аввал Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди. Аҳоли бандлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш мамлакатимизда муҳим устуворлик бўлганлиги ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш дастурларини амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш янги иш ўринларини ташкил этиш учун муҳим аҳамиятга молик эканлиги боис дастурнинг асосий кўрсаткичлари парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларидан иборат “Демократик кучлар блоки” йиғилишида, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияларининг йиғилишларида батафсил кўриб чиқилди.
Депутатлар ўз сайловолди дастурларидан келиб чиққан ҳолда, бир қатор аниқ таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш ва фуқароларни тегишли кафолатлар билан таъминлаш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига юклатилганлигини эътиборга олиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида ушбу вазирлик раҳбари А. Абдуҳакимов маъруза билан сўзга чиқиб, депутатларни дастурнинг асосий кўрсаткичлари, унинг концептуал янгилиги ва келгуси йилда аҳоли бандлигини таъминлаш механизмларининг ўзига хос хусусиятлари билан таништирди.
Мажлисда таъкидландики, дастур бандликнинг ҳудудий тузилмасини такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жой қурилиши ва пудрат қурилиши ишлари дастурларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат бозорида иш кучига бўлган талаб ва таклифларнинг мутаносиблигини таъминлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизация қилиш бўйича вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастурга мувофиқ, 2016 йилда 992,7 минг кишини ишга жойлаштириш назарда тутилган. Уларнинг 511,5 минг нафари таълим муассасалари битирувчиларидир. Шунингдек, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
2016 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама қилиш доирасида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Муҳокама иштирокчиларининг фикрига кўра, дастур ноёб ҳужжат бўлиб, унда аҳоли турли қатламларининг манфаатлари акс этган. Дастур сиёсий партиялар фракциялари, экспертлар, турли соҳа мутахассисларининг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда ҳар йили такомиллаштириб борилмоқда.
— 2016 йилда дастурнинг бажарилиши доирасида меҳнат бозорида фаол чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, ишсизларни, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш давом эттирилади, — дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари Мавлуда Хўжаева. — Шу муносабат билан фуқароларни мавжуд бўш турган, захира қилиб қўйиладиган ва янгитдан ташкил этиладиган иш ўринларига жойлаштириш, шунингдек, меҳнат қонунчилиги, мустақил ишга жойлашиш учун иш жойини танлаш бўйича текин маслаҳатлар бериш назарда тутилмоқда.
Меҳнат бозорини янада ривожлантиришнинг самарали омиллари сифатида турли шаклдаги бандликни, айниқса, кичик бизнес, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода таъкидлаш жоизки, 2015 йил 15 майда қабул қилинган Фармон ва унга мувофиқ айрим қонунларга шу йил август ойида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун амалий молиявий-иқтисодий механизмлар яратади.
— Жорий йил мобайнида депутатлар томонидан мазкур дастур ижроси бўйича назорат-таҳлил тадбирлари амалга оширилди, шу жумладан, Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбарларининг дастур кўрсаткичлари бажарилишининг бориши ҳақидаги ахборотлари эшитилиб, уларнинг натижалари бўйича кейинги йилларга мўлжалланган дастурларни такомиллаштириш юзасидан  аниқ таклиф ва тавсиялар берилди, — дейди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳом Аброров. — Улар мазкур дастурни ишлаб чиқишда ҳисобга олинди.
Муҳокама чоғида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси депутатлари 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқладилар ҳамда тегишли қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn