Демократик янгиланишларнинг муҳим босқичи
  • 13 Ноябрь 2015

Демократик янгиланишларнинг муҳим босқичи

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Куннинг иккинчи ярмида депутатлар мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва уларнинг ҳуқуқий тартибга солинишини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Кун тартибига киритилган масалалар дастлаб сиёсий партияларнинг фракцияларида ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳида муҳокама этилди.
Парламент қуйи палатаси аъзолари ўз ишларини “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар.
Таъкидландики, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш замонавий жамиятни ривожлантириш, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, амалга оширилаётган янгиланишларни демократлаштириш ва эркинлаштириш учун технологик муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Айнан IT-технологияларидан фойдаланиш давлат органларининг фаолиятини янада очиқроқ қилиш имконини беради, фуқароларнинг ўз манфаатларига дахлдор муҳим бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароит яратади. Бундан ташқари, АКТдан кенг фойдаланиш бизнес юритиш шароитларини яхшилашга, миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини оширишга, мамлакатимиз аҳолиси турмуш сифатини юксалтиришга кўмаклашади.
Мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Бу эса миллий ахборот маконини шакллантириш, бошқарув тизимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришишга хизмат қилади. Ривожланишнинг миллий “ўзбек модели” тамойилларига мувофиқ ахборот соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг норматив-ҳуқуқий негизини янада такомиллаштириш бўйича тизимли ва изчил фаолият амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг асосини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, 2014 йил 25 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритиладиган тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги муҳим ҳужжатлар ҳисобланади. Уларда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.
Мамлакатимиз парламентининг тайёрланган қонун лойиҳаси устидаги ишлари электрон ҳукуматни шакллантириш ва ривожлантириш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани таҳлил қилиш, “электрон ҳукумат” тизими миллий моделининг самарали ташкилий-ҳуқуқий шакли ва технологик принципларини танлаш юзасидан тизимли ва кўп қиррали фаолиятга айланди. Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиб таъкидладиларки, унинг қабул қилиниши “электрон ҳукумат” тизимини жорий этишнинг асосий йўналишларини аниқ белгилашга, ахборот технологияларидан давлат органлари фаолиятида фуқаролар, ташкилотлар  билан ўзаро ҳамкорликда фойдаланишни кенгайтиришга, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, шаффофлиги ва очиқлиги даражасини оширишга кўмаклашади.
— Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида энг зарур электрон давлат хизматларини татбиқ этиш ва амалга оширишга, давлат хизматларини сифатли кўрсатиш ва давлат органларининг бир хиллаштирилган идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликка тўлақонли ўтиши учун ахборот тизимлари комплекслари ва электрон ҳукумат маълумотлар базалари уйғунлашувига шароит яратади, — дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Эркин Холбўтаев. — Қонун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари салоҳиятидан фойдаланиш ҳисобига давлат органлари ва фуқаролар ўртасида очиқ, конструктив муҳит яратишга, улар ўртасида самарали шериклик муносабатларини йўлга қўйишга қаратилгандир.
— Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси тайёрлаш босқичида экспертлар доирасида кенг муҳокама қилинди, миллий ва хорижий мутахассислар иштирокида бир қатор тадбирлар ўтказилди, — дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Шарафутдинов. — Унда халқаро қонунчиликнинг концептуал жиҳатлари ва электрон ҳукумат тизимларини ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришган АҚШ, Германия, Австрия, Корея Республикасининг илғор тажрибаси ҳисобга олинган.
Сўнгра депутатлар Хўжалик процессуал кодексига, Бюджет кодексига, шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Таъкидландики, замонавий IT-технологияларини кенг жорий этган ҳолда “электрон ҳукумат”ни яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида суд ишларини юритишда электрон ҳужжат айланишини ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Масалан, 2013 йилдан эътиборан даъво аризаларини бериш, ишда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини электрон шаклда юбориш, 2014 йил 1 сентябрдан эътиборан эса, суд мажлисини видеоконференция шаклида ўтказиш имкониятлари хўжалик суд ишларини юритиш жараёнига жорий қилинди. 2015 йил 9 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 2016 йилнинг 1 январидан фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш, шунингдек, суд чақирув қоғозларини, қарорларини ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда юбориш тартиби белгиланмоқда.
Ушбу соҳани ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳасида ижро варақасини ёки ижро ҳужжати кучига ҳам эга бўлган суд буйруғини судьянинг рақамли электрон имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юбориш назарда тутилмоқда. Хусусан, таклиф этилаётган қўшимча ижро варақасини ёки суд буйруғини давлат солиқ хизмати органларига электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юбориш имконини беради, ўз навбатида, шу тарзда уни мажбурий ижро учун тақдим этадилар.
Парламент аъзолари таъкидладиларки, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ишларини юритиш тезкорлигини оширишга, суд харажатлари, ижро ҳужжатининг ижрога қаратилиши вақти қисқартирилишига, шунингдек, АКТ қўлланилишининг кенгайишига кўмаклашади.
Шунингдек, мажлис давомида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn