Аҳоли бандлигини таъминлаш — устувор вазифа
  • 13 Ноябрь 2015

Аҳоли бандлигини таъминлаш — устувор вазифа

Ҳали-ҳануз давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий ва ижтимоий дастурлар барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, ижтимоий сиёсат самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига фуқаролар турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омили сифатида эътибор қаратилиб, бу борада барча зарур шарт-шароит яратилаётир. 
Ўзбекистонда ҳар йили миллий иқтисодиётни изчил ривожлантириш, меҳнат ресурсларини ҳудудлар кесимида тўла-тўкис бажариш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган тегишли дастур қабул қилинмоқда. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарида 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда қуйи палата депутатлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу дастур туманлар ва шаҳарлар бўйича, меҳнат бозори эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқлари ҳамда соҳаларини, ҳудудларни ривожлантириш дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Қайд этилганидек, дастур янги объектларни фойдаланишга топшириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта жиҳозлаш ва мавжуд қувватлардан янада самарали фойдаланиш, ишламаётган корхоналар фаолиятини, аввало, саноатда, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаларида тиклаш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой объектлари қурилиши кўламини ошириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш, кичик бизнесни, шу жумладан, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда касаначилик меҳнатининг имкониятларини кенгайтириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган. Дастурда тасдиқланган параметрларни изчил бажариш мақсадида унинг мониторингини мунтазам ва тизимли амалга ошириш кўзда тутилган.
Депутатлар дастур ҳақида тақдим этилган маълумотларни батафсил таҳлил қилишди. Муҳокамалар чоғида йиғилиш иштирокчилари 2016 йилда дастурда белгиланган барча йўналишда жами 992,7 мингта иш ўрни яратилиши ва 630,6 минг нафар шахснинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилаётганлигига эътибор қаратишди. Хусусан, янги объектларнинг ишга туширилиши, ишлаб турган корхоналарни модернизациялаш ва кенгайтириш натижасида 362,1 мингта иш ўрни яратилиши белгиланмоқда. Шунингдек, хусусий, якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасини кенгайтириш ҳисобига 335,1 минг нафар кишининг бандлиги таъминланиши режалаштирилаётир.
Меҳнат бозорининг кутилаётган эҳтиёжидан келиб чиқиб, барча туманлар ва шаҳарлар бўйича тегишли буюртма шакллантирилди. Унга асосан, коллеж битирувчилари, ишдан бўшатилган ишчилар сонига мос келадиган кўламларда меҳнат жойларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари ишлаб чиқилди.
— Тадбирда депутатлар томонидан дастур лойиҳасини тайёрлашда меҳнат бозорида талаб ва таклиф чуқурлаштирилган ҳолда баҳолаб чиқилгани, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва бандликни таъминлаш бўйича барча туман ва шаҳарлар учун касблар кесимида эҳтиёжлар аниқлангани, бу эса ўқув муассасалари битирувчилари, аёллар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳамда ишсизларни ишга жойлаштириш юзасидан мавжуд имкониятлар ва йўналишларни аниқлаштириш имконини бергани қайд этилди, — дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ойбек Эгамов. —  2016 йилда иш ўринлари яратиш бўйича тасдиқланган параметрларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида депутатлар томонидан республика туман ва шаҳарларида муайян соҳалар ва корхоналар кесимида Дастурни амалга ошириш юзасидан мунтазам равишда мониторинг ташкил этиш, бунда электрон ахборот тизимидан фойдаланиш таклифи киритилди. Мониторинг дастур ижросидаги камчиликлар ва муддатидан кечикиш ҳолатларини ҳамда уларнинг сабабларини аниқлаш, иш ўринларини кўпайтириш учун мавжуд захираларни сафарбар қилишда амалий кўмак кўрсатишга имкон беради.    
Йиғилиш давомида депутатлар аҳолининг, энг аввало, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, иш ўринларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларда дастур ижроси бўйича мониторинг олиб боришга йўналтирилган чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.  
Якунда қўмита қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn