Жисмоний тарбия ва спорт ривожининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
  • 13 Ноябрь 2015

Жисмоний тарбия ва спорт ривожининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўтган давр мобайнида мазкур соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилиб, республикамиз ҳудудларида замон талабларига мос спорт инфратузилмасини шакллантириш, аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича кўлами ҳамда аҳамияти жиҳатидан жуда кўп ишлар бажарилди.

Ўз навбатида, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва муҳим бўлаги ҳисобланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари, шунингдек, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тузилгани соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Спортнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаяпти.
Албатта, мазкур жараёнда ҳаётга татбиқ қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, 1992 йилда қабул қилиниб, 2000 йилда янги таҳрирда кучга киритилган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, 2010 йилдаги “Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар, давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Яқинда парламентимиз томонидан “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, Президентимиз томонидан имзоланди ҳамда расмий эълон қилиниб, кучга киритилди. Уни маромига етказиш учун туғилган зарурат, бунинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти ҳақида мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Сертификациялаш ва компьютерлаштириш маркази директори Шавкат Султонов билан суҳбатлашди.

— Айтинг-чи, мазкур Қонун қайси жиҳатлари билан аввалгисидан фарқ қилади?
— Бу Қонун илк бор 2000 йилда такомиллаштирилганидан сўнг ўтган давр мобайнида белгиланган нормалар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш юзасидан муайян тажриба тўпланди, — дея сўзини бошлади суҳбатдошимиз. — Соҳадаги қонуности ҳужжатлари инвентаризация қилинганида, унда қонун даражасида мустаҳкамланиши лозим бўлган бир қатор жиҳатлар мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, асосий тушунчалар, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси фаолиятини ташкил этишни индивидуал ҳамда дифференциал тартибга солиш, миллий спорт турлари ва ўйинлари, аҳолини жисмоний тарбия ҳамда спортга оммавий жалб қилиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди.
Бундан ташқари, таҳлиллар унинг айрим моддалари амалиётда етарлича самара бермаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни изчил ривожлантириш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиндики, бу, албатта, Қонунни маромига етказишни тақозо этди. Жумладан, Президентимизнинг 2014 йил 19 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурида янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунни тайёрлаш белгилаб берилган эди.
Ана шулардан келиб чиқиб, парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, атрофлича муҳокама қилинди, ривожланган давлатлар тажрибаси қиёсий таҳлилдан ўтказилди. Бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар, имконияти чекланганларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб қилиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий ҳамда самарали спорт инфратузилмасини, унинг моддий-техник базасини шакллантириш, таълим ва тиббиёт таъминотини тартибга солиш, юқори тоифали спортчилар тайёрлаш, миллий спорт турларини ривожлантириш, допинг билан курашишни кучайтириш каби муҳим масалалар қамраб олинди. Пировардида бугунги кун талабларига мос келадиган янги таҳрирдаги Қонун ҳаётга татбиқ этилди.

— Ушбу Қонунда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштироки қай даражада очиб берилган?
— Таъкидлаш жоизки, унда жисмоний тарбия ва спортни давлат томонидан бошқаришга ваколатли органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари ўртасида ваколатларни тақсимлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат органлари ваколатлари кенгайтирилди. Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ваколатлари алоҳида моддаларда белгилаб қўйилди.
Шулар қаторида таълим соҳаси, фуқароларнинг иш жойи, яшаш жойи ва дам олиш жойларида жисмоний тарбия ва спортни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги моддалар Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июндаги “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиқиб, қайта ишланди ва кенгайтирилди.
Миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини янада ривожлантириш вазифаси Қонунда алоҳида модда сифатида киритилди. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларнинг мазкур йўналиш тараққиётига кўмаклашиши, барча шарт-шароитни яратиши, халқаро майдонда Ўзбекистон миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларининг обрўсини мустаҳкамлашга эътибор қаратиши зарурлиги белгиланди.

— Қонунда халқаро ҳуқуқ меъёрлари, таълим жараёнидаги вазифалар қанчалик қамраб олинган?
— Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонунда бу жиҳатлар ўз ифодасини топган. Жумладан, унда мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган БМТнинг “Спортда допингга қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияси низомларидан келиб чиқиб, жаҳон тажрибаси таҳлили асосида, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш қоидалари, чоралари, допинг назорати ўтказилиши тартиби белгиланган.
Қолаверса, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни сифатли спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлашга қаратилган нормалар киритилган. Хусусан, спорт иншоотларининг намунавий штат бирликларини ўрнатиш нормативлари ва талаблари, ижара ҳақини ҳисоблаш методикалари, улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ қилиниши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Киритилган янгиликларда таълим дастурлари доирасида қўшимча жисмоний ва спорт машғулотларини ўтказиш, болалар ҳамда ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ривожланишини ҳар йили мониторинг қилишни йўлга қўйиш, болаларда ўз соғлиғи, ота-оналарда фарзандларининг жисмоний тарбиясига масъулиятли муносабатни шакллантириш, навқирон авлодда маънавий ва жисмоний комилликка интилиш тушунчасини мустаҳкамлаш, уларни зарарли одатларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш каби жиҳатлар ҳам ўз ифодасини топган.
Айни пайтда Қонунда соҳа мутахассислари фаолиятини ташкиллаштириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, спортчи, тренер ва ҳакамларнинг маълумоти, иш стажи, касбий тайёргарлиги даражасига боғлиқ ҳолда спорт унвонлари, спорт разрядлари ва малака тоифалари тизими киритилди. Спорт унвонлари ва тоифаларини бериш тартиби, меъёрлар ҳамда талаблар, уларни бажариш шартлари, жаҳон амалиётида тўпланган тажриба ва ютуқларнинг соҳага татбиқ қилинишига ҳам эътибор қаратилган.

— Қонуннинг ижросини таъминлашда тегишли идоралар олдида қандай масъулиятли вазифалар турибди?
— Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун ижросини тўлақонли бажариш мақсадида ҳукуматимиз, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, барча тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида, аввало, унинг мазмун-моҳиятини аҳолига атрофлича тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бундан ташқари, тегишли давлат ҳокимияти органлари жисмоний тарбия ва спорт йўналишида қабул қилган барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, янги Қонун талабларига мувофиқлаштирмоқда. Спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида бу жараёнга иқтисодиётимизнинг барча соҳаси вакилларини кенгроқ жалб қилиш чоралари кўрилаётир. Ўз навбатида, соҳадаги илмий, оммабоп, ёшлар, болаларга йўналтирилган қизиқарли адабиётлар, даврий газета ва журналлар, методик қўлланмаларни  яратиш, улар билан барча ўқув муассасаларини таъминлаш белгилаб берилди. Шулар қаторида мутахассислар малакаси ва касбий маҳоратини нафақат юртимиз, балки илғор хорижий давлатларда ошириб бориш масаласи ҳам назарда тутилган. Спортчиларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича изчил чоралар кўриш, хусусан, спорт турларига қараб имтиёзли нафақага чиқиш, ойлик маошларини белгилаш, федерацияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ишига кўмаклашиш, илмий тадқиқотларни кучайтириш мақсад қилинган.
Умуман, янги таҳрирдаги Қонуннинг изчил ижроси республикамизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, эзгу мақсадимиз бўлган соғлом авлодни вояга етказиш, иқтидорларни аниқлаш, терма жамоалар захирасини шакллантириш, энг нуфузли халқаро мусобақалар, Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг муносиб иштирок этишини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Саиджон МАХСУМОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn