Минтақалар иқтисодий салоҳиятини ошириш юксак мақсадларга эришишнинг муҳим омилидир
  • 11 Ноябрь 2015

Минтақалар иқтисодий салоҳиятини ошириш юксак мақсадларга эришишнинг муҳим омилидир

Бухорода Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмиталари томонидан минтақаларнинг экспорт салоҳиятини янада диверсификация қилишни қўллаб-қувватлаш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раислари, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари, тадбиркорлар, илм-фан соҳаси вакиллари қатнашган мазкур тадбирда алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида зарур норматив-ҳуқуқий база ва самарали молия-банк тизими яратилгани, шу орқали иқтисодиётнинг барча тармоғи ислоҳ қилингани улкан иқтисодий ютуқлар омили бўлди. Айниқса, 2015 йил 21 августда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни қонунчилик асосида мустаҳкамлаш учун замин яратди.
Тадбир иштирокчилари бугунги кунда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, инфратузилмани жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсати ўз самарасини бераётганини таъкидлашди. Чунончи, жорий йилнинг тўққиз ойида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 28,5 триллион сўмни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, 667 лойиҳа рўёбга чиқарилди. Импорт ўрнини босадиган бу маҳсулотлар самарадорлиги эса бир миллиард доллардан зиёд миқдорни ташкил қилмоқда. Шунингдек, 785 та янги маҳсулот турини тайёрлаш йўлга қўйилди. Ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда номенклатурасини кенгайтириш, унинг рақобатдошлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида илгари ўз маҳсулотини хорижга сотмаган янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб этилаётир.
Тадбирда ҳозирги вақтда экспорт маҳсулотлари етказиб бериладиган мамлакатлар жуғрофияси тобора кенгайиб бораётганига эътибор қаратилди. Масалан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор давлатларда 49 та янги бозор ўзлаштирилди. Буни Бухоро вилояти мисолида ҳам айтиш мумкин. Агар 2010 йилда вилоятда экспортчи корхоналар сони 32 тани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб улар сони 102 тага етди. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури ҳам кенгаймоқда. Бугунги кунда ҳудуддаги тадбиркорлар дунёнинг тўқсонга яқин мамлакати билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйгани диққатга сазовордир.
Ўз навбатида, қатнашчилар минтақалар экспорт салоҳиятини янада диверсификация қилиш ва экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида учраб турган айрим камчиликларга ҳам тўхталдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар экспорт салоҳиятини ривожлантиришга доир узоқ муддатли стратегияни ҳамда уни рўёбга чиқариш механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Айни чоғда мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва соддалаштириш, интерфаол давлат хизматлари доирасини кенгайтириш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Анжуманда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn