Аҳоли фаровонлигини оширишнинг мустаҳкам кафолати
  • 06 Ноябрь 2015

Аҳоли фаровонлигини оширишнинг мустаҳкам кафолати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда 2016 йил учун Ўзбекистон Республикаси Бюджетномаси, шу жумладан, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Парламент аъзолари таъкидлаганидек, жаҳонда давом этаётган молиявий инқироз шароитида юртимизда чуқур ўйланган бюджет ҳамда солиқ сиёсати юритилаётгани туфайли иқтисодий ўсиш ҳамда макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Келгуси йилда мамлакатимизни янада ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш бўйича комплекс чора-тадбирлар татбиқ этилиши назарда тутилган. Бу мамлакатимиз Давлат бюджети даромад қисми ўсишини таъминлайди.
2016 йил учун солиқ ҳамда бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган бўлиб, солиқ юкини тобора камайтиришни, Давлат бюджети мувозанатини таъминлашни, давлат маблағлари сарфланиши самарадорлигини оширишни ифодалайди. Бундан ташқари, келгусида ҳам ижтимоий соҳани ривожлантиришни давом эттириш, аҳоли реал даромадлари ҳамда жамғармалари ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, даромад қисмини ошириш кўзда тутилган.
Сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи сайловолди дастурлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ўз нуқтаи назарларини ишлаб чиқди.
— Ҳар йили юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини янада рағбатлантириш, уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлаш учун чора-тадбирлар қабул қилинаяпти. Бу мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатида ўз аксини топмоқда, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Меҳриддин Муҳаммадиев. — Масалан, 2016 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаларини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш назарда тутилгани уларнинг янада тараққий этишига имкон яратади.
Берилаётган преференциялар билан бирга, бу уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш учун самарали молиявий рағбат бўлади. Бу борада солиқ юкининг йилдан-йилга камайиб бориши тадбиркорлик ҳаракатини мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
— 2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида туризм ҳамда сервис соҳаларини бугунги кунда иқтисодиётнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўллаб-қувватлаш белгиланаяпти, — дея таъкидлади Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Акмал Умирзаков. — Фракциямиз аъзолари мамлакатимизнинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туристик салоҳиятини асраб-авайлаш, сақлаш, оммалаштириш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган сарф-харажатлар қисмини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар. Ушбу мақсадларга Давлат бюджетидан 22 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, улар мамлакатимиз маданий ва археологик мерос объектларида таъмирлаш ҳамда консервация ишларини амалга ошириш бўйича дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади. Назаримизда, бу тарихий, маданий ҳамда интеллектуал меросимизни сақлаш ва кўпайтириш, ўзбек халқининг бой тарихи ҳамда маданиятини ўрганиш, оммалаштириш, унинг ютуқларини ўсиб келаётган авлод орасида кенг тарғиб қилиш имконини беради.
— Партиямиз фракцияси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳисобига ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тўловлари сарф-харажатларини оптималлаштириш бўйича ишларни давом эттиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Аксавли Тумишова. — Келгуси йилда ижтимоий соҳага Давлат бюджети харажатларининг 59,2 фоизини йўналтириш кўзда тутилган. Фракциямиз аъзоларининг фикрича, аҳоли бандлигини таъминлаш кучли ижтимоий сиёсатнинг муҳим омили ҳисобланади. Асосан, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан мажбурий тўловлар ҳисобига шаклланадиган бандликка кўмаклашиш давлат фонди даромадлари 2016 йилда ишсизларни касбга йўналтириш ҳамда қайта тайёрлаш, бандликка кўмаклашувчи марказлар ишларини қўллаб-қувватлаш, ишсизлик нафақаларини тўлаш ва бошқа харажатларни таъминлайди. Қишлоқ аҳли турмуши сифатини юксалтириш, улар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида ҳудудларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш давом эттирилади.
— Аниқ мақсадга йўналтирилган изчил бюджет сиёсати ўсиб келаётган авлоднинг замонавий билимларни ҳамда касб эгаллашини кафолатлайди, — дея таъкидлади Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов. — Бу партиямиз устувор вазифаларига тўла жавоб беради. Шунингдек, келгуси йилда таълим соҳасига Давлат бюджетидан ўтган йилдагига нисбатан 17 фоиз кўп маблағ ёки бюджет харажатларининг 33,8 фоизини йўналтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар бюджет харажатларининг 14,1 фоизини ташкил қилади. Бу тизимни ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасидаги барча тадбирни молиялаштиришни таъминлайди. Маданият ва спорт ривожига ҳам катта миқдорда маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.
— Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига республика ҳудудларида аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш дастурларини амалга ошириш, коммунал-дренаж хўжалиги объектларини қуриш ҳамда реконструкциялаш мақсад қилиб қўйилган, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси Сергей Самойлов. — Давлат бюджетининг келгуси йил учун кўрсаткичларини муҳокама этиб, инвестициялардан фойдаланиш самарадорлиги, Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларимизни айтдик.
Йиғилиш давомида депутатлар Давлат бюджети лойиҳаси бўйича амалий таклифлар билдирдилар.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn