Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг молиявий асоси
  • 05 Ноябрь 2015

Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг молиявий асоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил учун давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳар томонлама кўриб чиқилди. Уларда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Хусусан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ижтимоий соҳани замон талаблари асосида ислоҳ этиш ва ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.
Унда мамлакатимизда кейинги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиши таъминланаётганига алоҳида урғу берилди. Депутатлар ижтимоий соҳани молиялаштириш учун 2016 йилда Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 59,2 фоизи миқдорида маблағ ажратилишига эътибор қаратиб, айни пайтда дунё иқтисодиётида танглик кучайган, бюджет харажатларини қисқартириш чоралари кўрилаётган бир шароитда юртимизда ижтимоий соҳа ислоҳотлари изчил давом эттирилаётгани, энг ривожланган давлатлардагидан кам бўлмаган шарт-шароитлар яратилаётганлигини айтиб ўтдилар.
Жумладан, 2016 йилда соғлиқни сақлаш харажатларига йўналтириладиган маблағлар жорий йилдагига нисбатан оширилаётгани мазкур тизимни ислоҳ этиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан қабул қилинган дастурлар доирасида барча тадбирлар молиялаштирилишини таъминлаш имконини беради.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси йиғилишида 2016 йилда олиб бориладиган солиқ сиёсати ўтган йиллардаги каби хўжалик юритувчи субъектлар, аҳоли учун солиқ юкини пасайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилиги чораларини кучайтириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, келгуси йилга мўлжалланган солиқ сиёсатининг амалга оширилиши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг иккинчи поғонаси бўйича солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш, ўрта даражадаги даромадга эга бўлган тўловчилар учун солиқ юкини 6,2 фоиздан 5,5 фоизгача камайтириш имконини бериши айтиб ўтилди.
Ўз навбатида, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси камайтирилиши ушбу жабҳани ривожлантириш Дастурини тўлақонли амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
— Мамлакатимизнинг барча ҳудудида уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами тобора кенгаймоқда, — дейди қўмита аъзоси С. Исмоилов. — Хусусан, Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли Давлат дастурига асосан, жорий йилда 12 мингта тураржой бунёд этилиши кўзда тутилган бўлса, 2016 йилда Давлат бюджети ҳисобидан 13 мингта хонадонни барпо қилиш режалаштирилган.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан фан, таълим, маданият ва спорт, мусиқа ва санъат йўналишлари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида аниқ йўналтирилган стратегия ҳаётга татбиқ этилаётгани эътироф этилди.
Келгуси йилда бу соҳадаги харажатларнинг ўсиши соҳа тараққиётига берилаётган эътиборнинг яна бир ифодасидир.
— 2016 йилда Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ҳисобидан таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, қайта тиклаш ва жиҳозлаш мақсадлари учун йўналтириладиган маблағ ҳам жорий йилдагига нисбатан оширилиши режалаштирилмоқда, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А. Абдуқодиров. — Бу 28 та мактаб қуриш, 339 та умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш, уларни мебель, ўқув-лаборатория ускуналари ва спорт жиҳозлари билан таъминлаш имконини беради.
2016 йилнинг прогноз кўрсаткичларида академик лицейлар ҳамда тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, касб-ҳунар коллежларининг ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарини илғор дастгоҳлар, инглиз тили фани хоналарини замонавий мультимедия жиҳозлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталарининг йиғилишларида таъкидланганидек, 2016 йилда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб шакллантирилган.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси И. Носировнинг айтишича, иқтисодиётга йўналтирилган харажатларнинг асосий қисми Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги объектларини сақлаш харажатлари бўлиб, бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади ёки жорий йилдагига нисбатан 1,16 баравар кўп демакдир.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини техник, технологик янгилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тежамкор агротехнологияларни татбиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ва қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида мазкур соҳада, жумладан, деҳқончилик ҳамда чорвачилик тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари сақланмоқда.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари учун ҳам жорий йилдагидан кўпроқ маблағ йўналтириш режалаштирилаяпти. Пировардида 282,0 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилади. Бу ҳосилдорлик ўсиши ва фермер хўжаликлари даромадлари ошишига имкон беради.
— Ўз навбатида, Давлат бюджетининг 2016 йилда республикамиз туман, шаҳарларини ободонлаштириш харажатлари ҳажми, қишлоқ жойлардаги йўлларни мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш харажатларини инобатга олган ҳолда, маблағ йўналтирилиши мўлжалланган, — дейди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси С. Самойлов. — Бу эса шаҳар ва қишлоқларда ободонлаштириш ишлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган кўплаб лойиҳалар ижросини таъминлашга кўмаклашади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти ҳам кенгаяди.
Йиғилишларда муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмиталар қарорлари қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn