Самарали ҳамкорликнинг янги уфқлари
  • 04 Ноябрь 2015

Самарали ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Улар орасида ЮНЕСКО алоҳида ўрин эгаллайди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “ЮНЕСКО — халқаро ташкилот сифатида бугунги кунда илм-фан, маданият ва маорифнинг миллий тизимларини бирлаштирган ҳолда, айни пайтда уларни жаҳон интеллектуал тараққиётининг интеграция тажрибаси билан бойитаётган, халқларни бутун инсониятнинг жуда бой маънавий мероси билан ошно қилаётган кўприкка айланган”.

Бу йил мазкур тузилма фаолият бошлаганига 70 йил тўлди. Аниқроғи, ЮНЕСКОга 1945 йил 16 ноябрь куни асос солинган бўлиб, унинг Низоми 1946 йилнинг 4 ноябридан расман кучга кирган. Бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган ташкилот БМТнинг ихтисослаштирилган тузилмаси сифатида таълим, фан, маданият, ахборот соҳаларини ривожлантириш, халқлар ўртасидаги маданий ҳамда маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали дунёда тинчлик ва осойишталикни қарор топтиришга ҳисса қўшиб келаяпти. Бугунги кунда икки юзга яқин давлатлар ЮНЕСКОга аъзо. Шунинг ўзиёқ унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори, нуфузи нақадар юксак эканлигини яққол кўрсатади.
Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик 1993 йилда йўлга қўйилган. 1996 йилда эса Тошкентда унинг ваколатхонаси очилган.
— Айтиш жоизки, мана шу ўтган вақт мобайнида мамлакатингиз ЮНЕСКОнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди, — дейди ушбу ташкилотнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. — Ўзбекистондаги тарихий обидалар, қадимий шаҳарлар, ёзма ва оғзаки халқ ижодиёти, умуман, ўзбек халқининг бой меросига ҳамда мамлакатингиздаги ислоҳотлар жараёнига ЮНЕСКОда қизиқиш жуда катта. Муқаддас қадамжоларни таъмирлаш, аждодлар меросини асраб-авайлаш, уларни чуқур ўрганишга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида эътироф этишни истардим.
Давлатингиз раҳбарининг 1996 йил апрель ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳига ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Қолаверса, 1998 йил 6-7 ноябрь кунлари ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг якунловчи мажлисига Тошкент шаҳри мезбонлик қилган. МДҲ миқёсида биринчи марта ташкил этилган мазкур тадбирда “Жаҳон маданияти ва ЮНЕСКОнинг аъзо давлатлардаги фаолияти” номли Тошкент декларацияси имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, юксак умуминсоний қадриятларни ривожлантириш ва тарғиб этиш, илмий ва маданий меросни тиклаш, асраб-авайлаш ҳамда ўрганиш, миллатлараро ва динлараро дўстлик, тотувликни таъминлаш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги улкан хизматлари учун Президентимиз ЮНЕСКОнинг икки олий нишони — Абу Али ибн Сино номидаги ҳамда “Боробудур” олтин медаллари билан тақдирланган. Бу ҳар биримизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди.
Бинобарин, истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида буюк тарихимиз, бой анъана ва қадриятларимиз тикланди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг қадимий обидалари Умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, халқаро муҳофазага олинди. Қолаверса, Наврўз байрами, Катта ашула, “Шашмақом” қўшиқлари, Бойсун фольклори, Аския инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси сифатида ушбу ташкилотнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олди. Тошкент шаҳрида сақланаётган Усмон Қуръони ва Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида тўпланган нодир қўлёзмалар “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилди.
Ўз навбатида, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ бобокалонларимиз юбилейлари, кўҳна шаҳарларимиз саналарини нишонлаш, нуфузли маданий тадбирларни ўтказишда ЮНЕСКО фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, мустақиллик йилларида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби бобокалонларимиз, Самарқанд, Шаҳрисабз, Қарши, Бухоро, Хива, Термиз, Марғилон, Тошкент  сингари шаҳарларимиз, “Алпомиш”, “Авесто” адабий ёдгорликлари, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари ушбу тузилма иштирокида кенг нишонлангани фикримиз тасдиғидир.
Шулар қаторида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ҳам алоҳида айтиш ўринли. Ҳар икки йилда бир маротаба Самарқанднинг юраги — Регистон майдонида ўтказиладиган мазкур санъат байрами халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Бу ЮНЕСКО ғояларига мос бўлиб, фестивалда ушбу ташкилот вакиллари мунтазам қатнашиб келади. Хусусан, 2013 йилда уюштирилган тўққизинчи халқаро фестивалда ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова, бу йилги “Шарқ тароналари”да эса унинг ўринбосари Эрик Фальт иштирок этди.
Бундай дўстона муносабатлар ҳақида ўтган йили Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда қатнашган Хуберт Гизен шундай деганди: “Айни пайтда бундай ташриф ва фикр алмашувлар Ўзбекистон раҳбарияти, ўрта асрлар Шарқининг таълим-тарбия, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришдаги юксак анъаналарини давом эттирган ҳолда, илм-фан ва таълимни ривожлантириш масалаларига нақадар муҳим аҳамият бераётгани мамлакат келажагини шакллантиришда илғор билимларни жалб қилиш вазифасига қанчалик содиқлигини намоён этди”.
ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси самарали фаолият юритмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, қатор ташкилот ҳамда идоралар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошираётир. Таълим соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, тарихий маданий-маънавий меросни асраб-авайлаш йўналишидаги ишлар бунинг тасдиғидир.
Ўзаро самарали алоқалар янада ривож топиши, янги уфқларни забт этиши, шубҳасиз. Зеро, ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова қайд этганидек, “Ўзбекистон — буюк келажак сари дадил интилаётган мамлакат. Юртингизда сифатли таълим, фан ва маданият, ахборот технологиялари изчил ривожланмоқда. Буларнинг барчаси ташкилотимиз билан Ўзбекистон ўртасида истиқболли ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигидан далолатдир”.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn