Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш — устувор вазифа
  • 26 Октябрь 2015

Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш — устувор вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари ташаббуси билан “Озиқ-овқат хавфсизлиги: ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида конференция ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари ҳамда мутахассислари, олимлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Оқибатда
160 миллиондан ортиқ болаларда бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланиш билан боғлиқ камчиликлар кузатилаётир. Мамлакатимизда эса аҳолини сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шу орқали уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни кучайтириш, фуқароларнинг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжини қондириш ва энг асосийси, соҳанинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш борасида муайян ютуқларга эришилаётганлигини айтиш ўринлидир.
Бинобарин, Президентимизнинг 2014 йилда Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқида инсон саломатлиги, унинг узоқ ва баракали умр кўриши тўғри ва мутаносиб рацион асосида овқатланишни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ эканига алоҳида урғу берилиб, мустақил тараққиётимизнинг ўтган қисқа даврида Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, уларни катта миқдорда экспорт қилишни йўлга қўйиш имконини бергани таъкидланган эди. Эътиборли жиҳати, халқаро конференцияда мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш,  хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлари томонидан ҳам юксак баҳоланди. 
Анжуманда соҳанинг қонунчилик базаси яратилгани, чунончи, у “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солиб келинаётгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорни ва ички истеъмолни тўла таъминлаш, замонавий технологиялар асосида интенсив боғлар барпо этишни янада кенгайтиришга оид бир қатор қарорлар, аниқ манзилли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этилаётир. Ҳозирги вақтда юртимиздаги ўн мингдан зиёд корхона бевосита озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 125,8 фоиз ўсишига эришилди.
— Муҳими, озиқ-овқат саноати корхоналари юқори технологияга асосланган йирик ишлаб чиқариш объектларига айланди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Шерзод Қулматов. — Айни пайтда соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари турини кўпайтириш ва ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бу борада муҳим омил бўлаётир. Бу, албатта, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратиб берилаётган шароитлар, имтиёзлар ва соҳани ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунчилик такомиллаштириб борилаётганидан далолатдир.
Конференцияда депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, тизимдаги мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, озиқ-овқат саноатида инновация лойиҳаларининг амалга оширилишини, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ҳамда соҳада илмий изланиш ва тадқиқотларнинг олиб борилишини янада рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Айни чоғда маҳаллий -корхоналарда хавфсиз, муҳим микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш йўли билан аҳолининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Якунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида учраётган муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ва соҳага оид айрим қонунларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn