Франция парламенти делегацияси билан учрашув
  • 20 Октябрь 2015

Франция парламенти делегацияси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Франция Республикаси Парламенти Миллий ассамблеясининг “Франция — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Филипп Менье бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти, унинг ҳуқуқий асослари тўғрисида маълумотлар берилди. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳалар қатори парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бу эса икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Икки мамлакат парламентларида ташкил этилган ўзаро дўстлик гуруҳлари мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Делегация аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва демократик ислоҳотларни ижобий баҳолади. Шунингдек, улар мамлакатда олиб борилаётган сиёсатни, чунончи, барча миллат вакилларининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароит яратиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, сайлов қонунчилигидаги ислоҳотлар ва жараёнлар меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги тажрибаси Франция томони учун долзарб аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан алоқалар самарали давом этиши ҳар икки томон учун ҳам фойдали эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn