Акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш йўлида
  • 07 Октябрь 2015

Акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унинг иккинчи кунида депутатлар мажлис кун тартибига киритилган масалалар бўйича муҳокамани давом эттирдилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари ишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритилган “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошлашди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек,  стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини ошириш корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Шунга мувофиқ, ушбу қонун лойиҳасида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунларга ва Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси мазкур соҳадаги қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш, уларнинг нормалари ва ижро механизмларини  бирхиллаштириш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг тўлақонли бўлишига қаратилган.
Қонун лойиҳаси устида ишлашга тегишли вазирлик ва идораларнинг,  акциядорлик жамиятларининг вакиллари, акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорлар, иқтисодчи олимлар, ҳуқуқшунослар, жамоатчилик вакиллари жалб этилди. Барча даражадаги қизғин муҳокамалар, миллий ва хорижий тажрибани чуқур ўрганиш ва қиёсий таҳлил этиш, жиддий баҳс-мунозаралар, сиёсий кучлар фикрлари ҳамда таклифларининг эътиборга олинганлиги иқтисодий ислоҳотларнинг устувор вазифаларига жавоб берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш имконини берди. Шу тариқа ушбу  қонун лойиҳаси асосида  акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва ижро механизмларини бирхиллаштириш таъминланади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди. Мажлисдан сўнг сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
— Партиямиздан сайланган депутатлар мазкур қонун лойиҳасини батафсил ўрганиб чиқдилар, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари С. Турдиев. — Муҳокама жараёнида биз ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадларга, яъни иқтисодиётнинг барча тармоғига хусусий  сармоядорларни жалб этиш, реал иқтисодиёт соҳасида, энг аввало, саноат ва унинг етакчи тармоқларида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратдик. Баҳслар якунига кўра, фракциямиз ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, чунки у акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини миллий қонунчилигимизга киритиш имконини яратади. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органлари ваколатларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар томонидан қарорлар қабул қилинишига ёки бу субъектларга тақдимнома ҳамда кўрсатмалар берилишига йўл қўйилмаслиги корхоналарни стратегик жиҳатдан бошқаришда акциядорларнинг ролини янада оширишга хизмат қилади.
— Қонун лойиҳасининг бош вазифаси корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини, хусусан, ишлаб чиқариш менежменти, фаолиятнинг сармоядорлар учун шаффофлигини ошириш каби усулларни  жорий этиш орқали акциядорлик жамиятларининг фаолияти самарадорлигини кучайтиришдан иборат, — дея таъкидлади Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари С. Отамуротов. — Бизнингча, уларни амалиётга киритиш ўзининг сифатли товар ва хизматлари билан халқаро бозорда бемалол рақобатлаша оладиган кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш, Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига замин яратади. Лойиҳани умуман қўллаб-қувватлаган ҳолда, фракциямиз муайян нормаларни муҳокама қилиб, уларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқади.
— Қонун лойиҳасининг нормалари фракциямиз йиғилишида ҳар томонлама таҳлил этилди, — деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Х. Кетмонов. — Мазкур ҳужжат республикамиз акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий тизимларини самарали шакллантириш ва фаол жорий этиш бўйича талабларни аниқ белгилаб беради. Фикримизча, акциядорлик жамиятларининг фаолият доирасини кенгайтириш мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришни рағбатлантириш, бозорни зарурий истеъмол товарлари билан тўлдириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, замонавий халқаро андозаларни жорий этиш юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблаймиз. Фракциямиз  қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ўзининг партия электорати манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифлари билан фаол иштирок этади.
— Муҳокамага киритилган қонун лойиҳаси акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга, — деб қайд этди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Н. Умаров. — Лойиҳада  молиявий ҳисобдорлик олиб боришни амалиётга киритиш ва унинг ташқи аудитини халқаро стандартларга мос равишда ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса бошқарувнинг очиқ ва ошкоралиги, ҳисобдорлигини таъминлайди, шу билан бир қаторда, акциядорларни акциядорлик жамияти фаолияти ҳақида кенг хабардор қилиш имконини беради. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу ҳуқуқий ҳужжат корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида бошқарув ходимларини тайёрлаш ва  хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда уларнинг касбий малака ва  маҳоратини юксалтиришни назарда тутади.
Йиғилишда депутатлар кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.    

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn