Замонавий таълим ва масъулият
  • 07 Октябрь 2015

Замонавий таълим ва масъулият

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг эртанги куни бугун вояга етаётган авлод тақдири билан узвий боғлиқ. Юртимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олишини, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилият ҳамда иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, қалбида она-юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган беқиёс саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассамдир.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригида уларнинг Ўзбекистонимизнинг тараққиёти йўлидаги ҳиссаси, чунончи, тарихий аҳамиятга эга бўлган дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган янги таълим стандартлари ҳамда дастурларини, дарслик ва методик қўлланмаларни яратишда, энг муҳими, болаларимизга замонавий таълим-тарбия бериб, қалбига, юрагига етиб боришда устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс эканлиги юксак баҳоланди.
Бинобарин, Президентимиз ташаббуси билан 1 октябрь санасининг юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши зиёлиларимизга, уларнинг энг катта ва фаол қисмини ташкил этадиган минг-минглаб жонкуяр ўқитувчи ҳамда муаллимлар, устоз ва мураббийларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳамда эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Юртбошимизнинг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ҳамда малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талаблар бўйича қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Барчага аёнки, қайси замонда илму фанга, маданиятга алоҳида эътибор қаратилган бўлса, ўша даврда тараққиёт бўлган, фаровонлик юз берган, халқнинг маънавияти юксак даражага кўтарилган. Бундан 18 йил олдин қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва 2004 йилда тасдиқланган Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури, шу соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат таълим-тарбия тизими, балки бутун жамият ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда фарзандларимиз янгитдан барпо этилган ҳамда реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида билим олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин эгалламоқда. Бу эса, ўз навбатида, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг миқёси ҳамда кўлами нақадар улкан эканлигидан далолат беради.
Умуман айтганда, бугун ёш авлодга нафақат билим бериш, балки уларни дунёда, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқарадиган, мустақил фикрлайдиган йигит-қизлар қилиб тарбиялаш, энг муҳими, навқирон авлод қалбида мамлакатда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш доимий эътиборимиздаги масаладир. Зеро, давлатимиз раҳбари табригида алоҳида қайд этилганидек, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деб, ўз ери, ўз юртига садоқат туйғуси билан яшайдиган, Ўзбекистон фуқароси деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган инсонларни тарбиялаш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ана шундай эзгу даъват орқали таълим тизимига оид қабул қилинган қонунларнинг жойлардаги ижросига эътибор қаратишимиз, ушбу йўналишдаги долзарб қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол ва ташаббускор бўлишимиз, ижтимоий шериклик тамойиллари асосида бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn