Баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили
  • 30 Сентябрь 2015

Баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, маънавий янгиланиш жараёнига уйғун равишда кадрлар тайёрлаш тизимида самарадорликни кучайтириш, таълим-тарбиянинг ижтимоий аҳамияти ва мавқеини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни Конституциямизга мувофиқ бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланишининг муҳим ҳуқуқий асоси саналса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури юртимизда юксак салоҳиятли, интеллектуал ривожланган авлодни вояга етказишнинг самарали моделини яратишда дастуриламал бўлди. Таъкидлаш жоизки, республикамиз миллий тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланган ушбу дастур асосида таълим соҳаси тубдан ислоҳ этилди. Таълим стандартлари негизи миллий ғоя ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб бойитилди. Соҳага замонавий педагогик технологиялар ҳамда ёндашувлар жорий қилинди.
Дарҳақиқат, тарихан қисқа даврда мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби маориф тизимида ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўёбга чиқарилдики, бунинг ёрқин натижасини шаҳару қишлоқларимизда замон талаблари асосида барпо этилган, барча қулайликка эга таълим муассасалари мисолида яққол кўриш мумкин. Ваҳолонки, мустақилликка қадар республикамизда мавжуд мактабларнинг олтмиш фоизи нобоп биноларда жойлашган, 1 минг 700 та мактаб эса авария ҳолатига келиб қолган, қисқаси, мактабгача таълим муассасаларидаги, ўрта махсус билим юртларидаги шарт-шароит ҳам, таълим-тарбия сифати ҳам мана шундай таассуфли аҳволда эди. Илм-фан ва таълим соҳалари “қолдиқ” принципи асосида молиялаштирилган ана шу мураккаб вазиятда кадрлар тайёрлаш тизимини буткул янгилаш вазифаси кун тартибига қўйилди. Таълим соҳаси учун зарур маблағлар ажратилиб, ҳар томонлама чуқур ўйланган комплекс чора-тадбирлар жадал суръатларда амалиётга татбиқ этилди.
Эътиборлиси, давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, жумладан, таълим тизими ислоҳотларига йўналтирилаётган сармоялар мунтазам ошиб бормоқда. Таълим соҳасидаги қонунлар ва давлат дастурлари ушбу жабҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдек долзарб вазифаларни муваффақиятли бажаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шубҳасиз, таълим соҳасидаги ҳуқуқий ҳужжатларни, ноёб дастурларни амалиётга татбиқ этишни чинакам фидойи инсонлар — ўқитувчи ва мураббийлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларнинг заҳматли ҳамда шарафли меҳнати маҳсули ўлароқ бугун фарзандларимиз илм-фанда ҳам, спорт ва санъатда ҳам ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён этмоқда. Ҳар йили 1 октябрда Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши замирида, аввало, ана шу касб эгаларига юксак эҳтиром кўрсатиш мақсади мужассамдир. Ўз навбатида, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим соҳасида ойлик иш ҳақи бир неча баробар оширилгани, минглаб устоз ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ҳамда медаллари билан тақдирлангани соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилаётган доимий эътибордан далолат беради.
Мухтасар айтганда, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу ниятимиз босқичма-босқич ўз ижобатини топмоқда. Бу жараёнда эса, сўзсиз, таълим-тарбия соҳаси ходимларининг алоҳида ўрни, беқиёс ҳиссаси бор. Устоз ва мураббийлар меҳнатини улуғлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш илму маърифат ривожининг пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, пухта таълим ва юксак маънавият тараққиётга элтувчи йўлдир.

О. АТАНИЁЗОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn