Телекоммуникация соҳаси ва қонунчилик
  • 29 Сентябрь 2015

Телекоммуникация соҳаси ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятидаги ижроси юзасидан олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти якунлари муҳокама қилинди.
Тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, телекоммуникация соҳаси мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, экспертлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда жамият ва давлат бошқарувини ахборотлаштириш, барча соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, телекоммуникация инфратузилмаси ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида кейинги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари жадал ривожланмоқда.
Албатта, бунда соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилгани муҳим омил бўлаётир. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонуни фойдаланувчиларни замонавий алоқа ва давлат интерактив хизматлари билан таъминлаш, миллий телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда шакллантириш билан боғлиқ муносабатларни тизимли ва комплекс тартибга солишга хизмат қилмоқда. Бинобарин, мазкур Қонун нормалари билан ахборот-коммуникация хизматлари сектори ҳисобланган юқори технологияли миллий иқтисодиётнинг иқтисодий асослари шакллантирилган бўлиб, амалда унинг сўзсиз ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эгадир.
Йиғилишда асосий эътибор ушбу Қонуннинг муҳим талабларидан бири — ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ҳамда жисмоний шахсларга сифатли давлат интерактив хизматлари кўрсатиш учун жойларда телекоммуникация тармоқларининг фаолият юритиши ва уларни ривожлантириш борасида давлат органлари томонидан олиб борилаётган ишларга қаратилди.
Шунингдек, давлат статистик маълумотларини таҳлил қилиш билан бирга, фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда телекоммуникация операторлари ҳамда провайдерлари томонидан истеъмолчиларга телекоммуникация ва давлат интерактив хизматлари кўрсатилиши бўйича ўтказилган социологик тадқиқотлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилоятида мазкур Қонун талабларини бажариш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, алоқа инфратузилмаси ва тармоқлари, телекоммуникация технологияларини ривожлантириш борасида дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.
Тадбирда депутатлар назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш давомида ўзлари аъзо бўлган сиёсий партияларнинг сайловолди платформасида белгиланган устувор вазифалар ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Қонуннинг амалдаги ҳолатини таҳлил қилишгани айтиб ўтилди. Депутатлар фикрича, бу, ўз навбатида, ахборот соҳасидаги ушбу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг ижро самарадорлигини таъминлаш борасида унга ижтимоий-сиёсий жиҳатдан баҳо бериш, замонавий талаблар доирасида янада такомиллаштириш бўйича асосли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга имкон яратади.
Йиғилишда юқорида қайд этилган ҳудудларда “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш борасида йўл қўйилган айрим камчиликларни бартараф этиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш, шу мақсадда мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn