Лондонда тантанали қабул маросими
  • 26 Сентябрь 2015

Лондонда тантанали қабул маросими

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими бўлиб ўтди. Унда Буюк Британия парламенти, вазирлик ва идоралари, жамоатчилик, эксперт ҳамда ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари, дипломатия корпуси ҳамда Британия — Ўзбекистон жамияти вакиллари қатнашди.

Тадбирда мустақилликнинг халқимиз ҳаётида тутган муҳим ўрни ва аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда эришилган улкан муваффақиятлар айнан истиқлол шарофати эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастуридан кўзланган мақсад ва вазифалар, унинг ҳаётга татбиқ этилиши, фуқаролик жамияти ва демократик институтлар ривожининг ҳозирги ҳолати, юртимиз иқтисодиётини тизимли равишда ўзгартириш ва диверсификациялашнинг устувор йўналишлари ҳамда хусусийлаштириш ва хусусий тадбиркорликни тараққий топтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Тантанали маросимда икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросимда сўзга чиққан Британия — Ўзбекистон жамияти раиси, доктор Хартли Бут мамлакатимиз халқини ушбу муҳим сана муносабати билан самимий қутлар экан, кейинги 24 йил мобайнида юртимизда рўй бераётган кенг қамровли муваффақиятларга ўзи бевосита гувоҳ бўлганини таъкидлади.
Унинг эътирофича, Ўзбекистон қисқа даврда фуқаролик жамиятини, замонавий таълим тизими ҳамда тараққиётнинг муваффақиятли иқтисодий моделини шакллантириш масалаларида салмоқли натижаларни қўлга киритди.
Х. Бут Британия — Ўзбекистон жамияти икки давлатнинг ўзаро муносабатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳамда улар янги босқичга кўтарилиши юзасидан саъй-ҳаракатларни сира аямаслигини маълум қилди.
Маросимда шу йил 31 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тантаналарининг видеоёзуви намойиш этилди.
Шарқ ва Африка тадқиқотлари Лондон мактаби тадқиқотчиси Л. Ломбардоззи мамлакатимиз пойтахтидаги байрам тантаналарини шарҳлар экан, мазкур тадбир кўп асрлик ўзбек маданиятига хос бўлган миллий ранг-барангликни ўзида намоён этганини таъкидлади.
— Мен яқинда илмий тадқиқот олиб бориш мақсадида Ўзбекистонда бўлдим, — деди у. — Юртингизнинг барқарор иқтисодий ривожланиши ҳамда хорижлик ишбилармонлар ва сармоядорлар учун яратилган қулай муҳит чет эллик тадбиркорларнинг эътиборини ўзаро манфаатли амалий алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун борган сайин ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, мамлакатингиз иқтисодий ривожланишининг юқори кўрсаткичлари халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам ижобий баҳоланаяпти.
Буюк Британиянинг “Spinna Circle” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Рупа Гангули тадбирда ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий мероси ва бой анъаналари ўзида катта таассурот қолдирганини айтди.
— Ташкилотимиз аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш соҳасида Ўзбекистоннинг “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар уюшмаси билан яқин ҳамкорлик қилади, — деди Р. Гангули. — Биз республикангизнинг сиёсий ҳамда ижтимоий ҳаётига жалб этилган аёллар кўпчиликни ташкил қилишини ишонч билан айтамиз.
Тадбир доирасида ўзбекистонлик мусаввир Темур Даватцнинг Марказий Осиё халқлари кўҳна маданияти, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассамлаштирган ижодий ишлари ҳамда Буюк британиялик таниқли фоторассом Тим Флакнинг мамлакатимиз ҳаётини акс эттирган суратлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn